Ўзбекистондаги кўплаб олийгоҳ, техникум ва академик лицейларда кутилмаганда 11 январдан талабаларга ўқиш бошланадиган бўлди. Аввалроқ — 5 январь куни республикага аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил 17 январга қадар узайтирилганди, ўқув машғулотлари эса 18 январь, чоршанбадан бошланиши керак эди. Бироқ ўқиш айнан ўша аномал совуқ кунларда бошланмоқда.

Республикада мактаб ўқувчилари учун қишки таътил 2023 йилнинг 11 январи, ОТМларда эса 9 январига қадар давом этиши керак эди.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. «Аномал» янгилик аксарият талабалар ва интернет фаоллари ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқарди. Хусусан, ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев бу янгилик вилоятдан келаётган талабалар учун муаммо туғдириши ҳақида ёзди.

«Бошқа ҳудудлардан келадиган талабалар нима бўлади? Улар таътил чўзилгани сабаб соатлаб навбатларда туриб, чипталарини бошқа санага узайтирганди. Энди яна овора бўлиб ўзгартирадими? Бунга ким батафсил изоҳ беради?» — деди у.

аномал совуқ

аномал совуқ

аномал совуқ

аномал совуқ


Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев халқ учун ҳозир муаммо аномал совуқ эмас, кутилмаган аномал янгиликлар эканини айтди.

«Ўзбекистон, унинг халқи, мустақиллиги, келажаги учун энг катта ва жиддий хавф аномал совуқ ё иссиқ эмас, балки ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайдиган аномал ўзбек чиновниклари ҳамда улар қабул қиладиган аномал қарорлардир», дейилади хабарда.

Яна бир ҳуқуқшунос-блогер Зафарбек Солижонов ҳам ҳолат бўйича ўз фикрларини ёзиб қолдирди.

«Ҳокимлар ва айрим вазирлар миясиз бўлиши мумкин. Бунинг эҳтимоллик даражаси ҳам юқори бўлиши керак. Балки кейинроқ бу ҳақда тадқиқотлар ҳам ўтказилар. Уларнинг қўл остидагиларга эса тинчлик керак. Лекин тепада бирорта ақлли инсон қолганмикин, нега кутилмаганда ушбу қарорга келинди, тушунтириб берадиган. Ваҳима, хавотирларимизга амалимиз тушмай қолмаяптими?» — дейди у.

Иқтисодчи Отабек Бакиров (Bakiroo Telegram-канали муаллифи) эса қарорларда изчиллик, тутуруқ йўқлигини қоралаган:

«Режалаштириш горизонти тушгача ва буям аниқмас, кечга яна кайфиятга қараймиз» қоидалари билан яшаётган Ўзбекистон. 2023 йил 11 январдан бошлаб университетлар, техникум, коллеж ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланади". P. S. Менимча, биз «Админреформа»нинг биринчи мевасини едик», деб ёзади у.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов маҳаллий ҳокимлик ва таълим масъулларини боғча ва мактабларда ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирди.

«Аввало, аномал совуқ ва ёғингарчилик шароитида ўқувчиларнинг таълим муассасасига етиб келиши кескин қийинлашади. Айрим қишлоқларда болалар бир неча километр пиёда юриб мактабга қатнашини инобатга олиш зарур. Қолаверса, мурожаатларга кўра, қатор ҳудудларда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида иситиш тизимлари тўлақонли йўлга қўйилмаган», — дея ёзади депутат.

Унинг сўзларига кўра, ўқишни бошлашнинг аниқ муддатини белгилаш қарори нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши лозим.

Журналист Азиза Қурбонова бу ҳолатга «Айтиш ва қайтиш» дея ном берди. «Худди шундай қилиб аномал об-ҳавониям қайтариб олиб кетинглар», дея таклиф киритмоқда у. Воқеага муносабат билдирганлар орасида адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ҳам бор.

«Аввал ўқиш 18 дан бўлади дейишди ва бир суткадан кам вақт қолганда яна 11 дан дарслар деворишди. Кимдир хато қилди ва энди жимлик? Одамларга қарор қабул қилиш жараёнлари қизиқ: қандай бўлади, ким кимга айтади шундай қилайлик деб, ким майли дейди ва охирида ким яна ортга ташлашни сўрайдию, ким яна майли дейди? Асосийси, улар нимани ўйлашадию, нимани ўйлашмайди? Ундан ҳам муҳими, ҳар бир қарорнинг оқибатини ўйлашга қанча вақт ва ақл сарфлашади? Хулосалар қилинадими? Унда нега бу такрорланаверади? Жуда муҳим саволлар шу ҳозир. Чунки ҳар куни қанчалаб қарорлар қабул қилиняпти. Миллионларга дахлдор қарорлар», дея ёзди у.

Alimoff эртадан ўқиш бошланмаслиги кераклиги ҳақида ўз Telegram-каналида хабар ёзиб қолдирди.

«Хозир кўчани айланиб келдим пиёда… Асфальт йўллар ҳам қор, машиналар конкида учиб юрибди. Қишки резина билан ҳам машинада юрмасликка қарор қилдим. Мелисалар ҳам овоз кучайтиргичда уйда ўтиринг деб юришибди. Хуллас, вазият чатоқ, Тошкентда эртадан ўқиш бошламаслик керак деб ўйлайман», дейилади хабарда.

Вазирлик хабарига кўра, ўқув жараёнини ташкил этишда зарурат туғилганда ўқув графигига ўзгартириш киритишга рухсат берилади. 20 январга қадар талабаларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари тавсия этилади.