Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 7 январь куни маст фуқаро уйига келган танишининг бошига шиша идиш билан уриб, жароҳат етказди, деб хабар бермоқда Тергов департаменти ахборот хизмати.

Соат 11:00 да туманнинг «Тинчлик» маҳалласи Г.Узоқов кўчасида яшовчи 38 ёшли С.Р. ва таниши 38 ёшли К.А. биргаликда «Рождество» байрамини нишонлаш мақсадида спиртли ичимликлар сотиб олган. С.Р.нинг хонадонида спиртли ичимликларни истеъмол қилиб, келиб чиққан ўзаро келишмовчилик сабаб хонадон эгаси С.Р. танишининг бошига қўлида бўлган шиша идиш билан бир маротаба уриб, жароҳат етказган. Оқибатда К.А. тез-тиббий ёрдам келгунига қадар бош чап томон чакка соҳаси тан жароҳати билан ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодекснинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, С.Р. гумон қилинувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Тергов давомида жиноятнинг келиб чиқиш сабаби ўрганилганда шу куни гумон қилинувчининг уйига меҳмонга келган таниши унинг турмуш ўртоғи тўғрисида айтган гапларидан жаҳли чиқиб, қўлида бўлган шиша идиш билан К.А.нинг бош чакка қисмига ургани аниқланган. Тергов давом этмоқда.

Маълумот учун, бу турдаги жиноятлар учун 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.