Ўзбекистондаги таълим ташкилотларида аномал совуқ сабаб қишки таътил 18 январгача узайтирилганига қарамасдан Андижон ва Хоразм вилоятларидаги таълим муассасаларида 11 январдан, Фарғонада эса 16 январдан ўқув жараёнлари бошланиши маълум қилинганди. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса олий ўқув юртлари, техникум, коллеж, касб-ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқиш маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда 11 январдан босқичма-босқич бошланишини хабар қилди.

Айни мавзудаги хабарлар ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда. Хусусан, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ўз Telegram каналида ушбу қарорларни ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиш кераклигини ёзди.

«Биз маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим жараёнларига масъул ҳудудий идораларни мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирамиз. Аввало, аномал совуқ ва ёғингарчилик шароитида ўқувчиларнинг таълим муассасасига етиб келиши кескин қийинлашади. Айрим қишлоқларда болалар бир неча километр пиёда юриб мактабга қатнашини инобатга олиш зарур», — деб ёзди Бекмуродов.

Унинг қайд этишича, қатор ҳудудларда мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида иситиш тизимлари тўлақонли йўлга қўйилмаган.

«Ўқишни бошлашнинг аниқ муддатини белгилаш қарори нафақат таълим муассасалари маъмурияти, балки ота-оналар ва педагогик таркиб билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилиниши лозим», — дейди «Юксалиш» раиси.