Фото: Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифини Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев номидаги кўча ва хиёбонни очишдан бошлади. Олий мартабали меҳмонга президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлик қилди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида декларация ва 18 та ҳужжат имзоланди

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди.

Тошкентда июнь ойида ўртача ойлик ёғингарчиликнинг 130 фоизи кузатилди — Ўзгидромет

Тошкентда ўртача ойлик миқдор 17 мм ни ташкил этган бир вақтда, ой бошидан буён 22 мм ёки меъёрдагидан 130 фоиз кўпроқ ёғингарчилик ёғди. 20 июнь куни пойтахт марказида 15 мм, халқаро аэропорт ҳудудида 21 мм ёмғир ёғди.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари қарийб $500 млнга камайди

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари май ойида қарийб 500 млн долларга камайиб, 35,4 млрд долларни ташкил этди. Қимматбаҳо металларнинг физик ҳажми ошган бўлсада, хорижий валюта ва олтиндаги захиралар қиймати камайди.

Табиий газни марказлашган тарзда харид қилиш ва сотиш учун UzGasTrade компанияси ташкил этилмоқда

Ўзбекистонда табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш, шунингдек, ягона экспортчи вазифасини бажариш учун UzGasTrade компанияси ташкил этилмоқда. Ҳозир бу билан «Ўзтрансгаз» шуғулланади. UzGasTrade устав капитали давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия ҳисобидан шакллантирилади.

Кореяга ишга кетиш учун имтиҳонга бошқа фуқаронинг ўрнига кириш ҳолатлари аниқланди

Кореяга ишга кетиш учун EPS-Topik тест имтиҳонларига бошқа фуқаронинг ўрнига кириш ва қўшимча воситалардан фойдаланишга уриниш билан боғлиқ 23 та ҳолат аниқланди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қоидабузарлар 3 йилгача қайтиб имтиҳонда қатнаша олмаслигидан огоҳлантирмоқда.

Қумқўрғон туманида ҳоким ўзгарди

Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманига Анвар Нормаматов ҳоким этиб тайинланди. Собиқ ҳоким туманнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари пастлиги учун танқид қилинган эди.

Руҳий саломатликсиз соғлом бўлиш имконсиз — ЖССТ

ЖССТ руҳий саломатлик бирламчи тиббий ёрдамнинг бир қисми бўлиши керак деб ҳисоблайди. Мактаб ўқувчилари руҳий саломатлик учун ижтимоий ва эмоционал таълим дастурларига, катталар эса арзон ёрдам ва ижтимоий хизматларга муҳтож.

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича хавотирини билдирди

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан хавотирда: айрим ҳодисалар, жумладан, гўдаклар билан боғлиқ бўлганлари жамоатчилик кўз олдида ва кузатувчилар иштирокида содир бўлмоқда. Ташкилот ижтимоий ишчилар институтини ташкил этиш кераклигини айтди.

Самарқандда аҳолига ажратилган қарийб 85 тонна ун қиммат нархларда сотилгани аниқланди

Иштихон туманида тадбиркор аҳолига ажратилган арзон нархдаги 84,5 тонна ун маҳсулотини белгиланган маҳаллаларга етказиб бермасдан, савдо нуқталари орқали қиммат нархларда сотиб юборгани аниқланди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон дзюдо академияси ташкил этилади

Денов ва Урганч дзюдо мактаблари, Миллий университетда алоҳида таълим йўналиши ҳамда Ўзбекистон дзюдо академияси ташкил этилади, мамлакатда жаҳон чемпионати ва бешта турнир ўтказилади — президент дзюдо спортини ривожлантириш бўйича қарорни имзолади.

Косондаги 10-сонли колонияда тиббиёт ходимлари етишмаяпти — Омбудсман

Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 10-сонли колонияда тиббиёт ходимлари етишмайди. У ерда ҳар куни 70−80 нафар маҳкумга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Омбудсман офиси муассасадаги маҳкумларни сақлаш ва қариндошлари билан учрашиш учун яратилган шароитларни ўрганди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Шавкат Мирзиёев Конституцияга қандай ўзгартиришларни таклиф қилди?

Шавкат Мирзиёев Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича қатор таклифларини билдирди: «Ўзбекистан — ижтимоий давлат», фуқароларнинг (100 минг кишидан кам бўлмаган гуруҳда) қонунчилик таклифларини билдириши, маҳалла мақомини Конституцияда белгилаш.

«Лўличилик қилманг». Расул Кушербаев ва Алишер Қодиров нима сабабдан тортишиб қолди?

Сешанба куни қуйи палата мажлисида Расул Кушербаев ва Алишер Қодиров ўртасида баҳс юзага келди. Бунга фуқароларнинг шахсий электрон маълумотларини олишга имкон берувчи қонун лойиҳаси сабаб бўлди. Расул Кушербаев ҳамкасбининг гапини бўлиб қўйган бўлса, Алишер Қодиров эса шахсиятга ўтиб кетди.

1-синфга онлайн ҳужжат топшириш — қўлланма

20 июндан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги мактабларга онлайн-қабул бошланди. «Газета.uz» ота-оналар учун my.maktab.uz платформаси орқали электрон шаклда мактабга ҳужжат топшириш бўйича қўлланмани тақдим этади.