20 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев республика Конституциявий комиссияси аъзолари билан учрашди. Учрашув давомида давлат раҳбари Конституцияга ўзгартириш киритиш юзасидан фуқаролар томонидан билдирилган айрим таклифларга муносабат билдириш асносида ўз таклифларини илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев, даставвал, конституциявий ислоҳотларнинг бугунги кундаги заруратига қисқача тўхталди. Унинг сўзларига кўра, бугунги кун ҳамда келгусида давлат ва жамиятда инсоннинг ўрни, давлат ва жамият фаолиятидаги устувор сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, аҳоли фаровонлиги ҳамда жамият ва давлат тараққиётини таъминлашда конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятини аниқлаб олиш давр тақозоси ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, «асосий қонунимизни бугунги ҳаёт талабларига мос ҳолда янгилашни» талаб этади.

«Янгиланган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим», — дея қайд этди давлат раҳбари.

Президент комиссия аъзолари эътиборини айрим устувор йўналишларга қаратди.

1. Инсон ҳуқуқ-эркинликлари ва манфаатлари

Шавкат Мирзиёев айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш юзасидан билдирилган таклифларга муносабат билдириб, бу инсоннинг табиий ва узвий ҳуқуқи ҳисобланган яшаш ҳуқуқи кафолатларига ҳамда демократик ва инсонпарвар ғояларга зид эканлигини таъкидлади. У «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади», деган муҳим нормани асосий қонунда акс эттиришни таклиф этди.

Давлат раҳбари ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган гумон қилинувчи шахслар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида «кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган «Миранда қоидаси»ни қўллаш таклифини илгари сурди.Унга кўра, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт.

«Бундан ташқари, „Хабеас корпус“ институтини ривожлантириш зарур. Яъни, шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар суд томонидан шахсни ҳибсга олиш ёки унга нисбатан бошқача турдаги озодликни чеклаш ҳақида қарор белгиланган муддатда қабул қилинмаса, бундай шахсни дарҳол озод қилиш кераклиги ҳақидаги нормани ҳам Конституцияда акс эттиришимиз зарур», — дея таъкидлади президент.

Давлат раҳбарининг таклифига кўра, судланган шахслар ва уларнинг яқин қариндошлари ҳуқуқлари кафолатларининг бузилишига чек қўйиш мақсадида «шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас"лиги, «озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шарт» эканлиги Конституцияда қатъий белгилаб қўйилиши зарур.

«Миллий қонунчилигимизда бажариб бўлмайдиган ёки бажариш қийин бўлган нормалар ҳам учраб туради. Аслида, қонунлар инсонга ҳеч қачон ортиқча талаб қўймаслиги керак. Ортиқча талаб, аввало, ортиқча харажат дегани. Қолаверса, бу коррупцияга йўл очади», — дея таъкидлади президент. Ўз ўрнида, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида «маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари — қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиши» лозимлиги тўғрисидаги янги нормани Конституцияга киритиш таклифини билдирди.

Шунингдек, фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозимлиги қайд этилди. Бундан ташқари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва унинг кафолатлари Конституция даражасида мустаҳкамланиши зарур.

2. «Ўзбекистон — ижтимоий давлат»

Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон — ижтимоий давлат» деган ғояни асосий қонун билан мустаҳкамлаш таклифини илгари сурди.

Унинг сўзларига кўра, «инсон қадри» тушунчаси «ижтимоий давлат» тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ. Ижтимоий давлат — ижтимоий тафовутларни камайтириш, самарали ижтимоий сиёсат олиб боришга асосланган давлат модели ҳисобланади.

«Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. У шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратишни талаб қилади. Шу билан бирга, ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир», — дея тушунтирди президент.

Бундан ташқари, ижтимоий давлатда аҳоли турмуши учун зарур ресурслар — ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар яратиш, мажбурий меҳнатга чек қўйиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Давлат раҳбари аҳоли уй-жойларининг ноқонуний бузилиши ёки тортиб олиниши ҳолатларига бутунлай барҳам бериш мақсадида «фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш»ни таклиф этди.

«Суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак. Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт. Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент томонидан ижтимоий давлат тамойилларига мос равишда хусусий мулк ҳимояси ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқ ва эркинликларининг конституциявий кафолатларни кучайтириш таклиф этилди.

Давлат раҳбарининг таклифига биноан, мулкдорларнинг суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз мол-мулкидан маҳрум этилмаслигини назарда тутувчи, ривожланган давлатлар тажрибасига мос янги тартиб ишлаб чиқилиши зарур. Шу билан бирга, асосий қонунда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик қоида тариқасида белгилаб қўйилиши лозим.

Тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги тўсиқларга барҳам бериш мақсадида, мамлакатда товарлар, хизматлар, ишчи кучи ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракати, ички ва ташқи савдо ривожланиши учун барча шароитлар яратилишининг қонуний асосларини конституцияда мустаҳкамлаш таклиф этилди.

«Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини Конституцияда мустаҳкамлашни таклиф этаман. Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, эркин ва ҳалол рақобатнинг ҳимоя қилиниши, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаши лозим», — дея таъкидлади президент.

Шу билан бирга, ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги аниқ белгиланиши, қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилиши тўғрисидаги модданинг Конституцияга киритилиши таклиф этилди.

Шавкат Мирзиёев «оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш» масалаларига тўхталиб, «оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида» шаклланиши ҳамда жамият ва давлатнинг ҳимоясида эканини Коституцияда мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этди.

Унинг сўзларига кўра, давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур ижтимоий-иқтисодий шароитларни яратиши, «кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёз ва ижтимоий кафолатлар яратиб бериши» лозим. Шунингдек, болалар манфаатлари, уларнинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналиш эканлиги, «давлат иқтидорли ёшларни, уларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, доимо қўллаб-қувватлаши» асосий қонунда ўз ифодасини топиши зарур.

Бундан ташқари, президент «давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратиши» коституциявий норма сифатида белгиланиши лозимлигини қайд этди.

«Конституциямизга „Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир“, деган қоидани киритиш ёш авлод тақдири учун масъулиятни янада оширишга хизмат қилади», — дея таклиф қилди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатда ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари кафолатларининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашни таклиф этди. Унинг қайд этишича, ҳозирда республикада 1 миллион нафарга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади.

Президент мамлакат Конституциясига «Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади», «Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади», «Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади» мазмунидаги моддаларни киритишни таклиф этди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, фуқароларнинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш — конституциявий ислоҳотларнинг муҳим мақсади ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, давлат раҳбари «ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини белгилаш»ни таклиф этди.

Шу билан биргаликда, янгиланган Конституцияда ҳомиладор ёки ёш болали аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтиришга қатъий чеклов ўрнатилиши, болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари ҳам назарда тутилиши лозим.

Давлат раҳбари томонидан чет элда билим олаётган ва меҳнат қилаётган фуқароларни, уларнинг мамлакатимизда яшаётган оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида «давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилади», мазмунидаги Конституциявий норма киритиш таклиф этилди.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, «миллат ҳаётининг давомийлигини таъминлаш, унинг генофондини сақлаш» мақсадида Конституцияда белгиланган «Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга» (40-модда) деган умумий нормани мазмунан кенгайтириб, «тўғридан-тўғри қўлланадиган нормалар билан бойитиш» зарур.

Шавкат Мирзиёев экологик хавфсизлик, жумладан, «глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани» нуқтаи назаридан, қолаверса, «фуқароларнинг экологик ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, айниқса, мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш» мақсадида Конституцияга тегишли экологик-ҳуқуқий нормаларни киритиш таклифини илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, бу, ўз навбатида, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Давлат раҳбари мамлакатда таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантириш масалаларининг устуворлиги хусусида сўз юритиб, асосий қонунда «давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб беришини» назарда тутувчи нормалар ўз ифодасини топиши лозимлигини қайд этди.

«Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлигини Конституция даражасида белгилаб қўйсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади», — дея таъкидлади у.

3. Эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш

Президентнинг таклифига кўра, маҳалланинг мақоми ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифалари, жумладан, «маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари» Конституцияда алоҳида белгиланиши зарур.

4. Инсонпарвар ва демократик ҳуқуқий давлат қуриш

«Ҳуқуқий давлат — демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир. Шу маънода, мен „Ўзбекистон — ҳуқуқий давлат“ деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этаман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги, «мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш» конституциявий норма сифатида ўрнатилиши лозим.

Давлат раҳбари Конституцияга давлат бошқаруви органлари ваколатларига тегишли ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қоидаларни қўшиш юзасидан айрим таклифларни санаб ўтди. Жумладан:

  • Олий Мажлиснинг ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтириш;
  • Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этиш;
  • Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилишни парламент ваколатига киритиш;
  • Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш;
  • Президентнинг айрим ваколатларини (масалан, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколати) Олий Мажлисга ўтказиш;
  • ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашлар ваколатини бир-биридан ажратишдир, хусусан, «ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш».

Фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Шавкат Мирзиёев қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи институтини ислоҳ қилиш, хусусан, «қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этиш» масаласини Конституцияда белгилаб қўйишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур институт воситасида «100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишлари» мумкин бўлади.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига ҳам янги қонунчилик таклифларини киритиш ваколати берилиши зарур.

Давлат раҳбари янгиланган Конституцияда ҳукумат ваколатларининг кенгайтирилиши мақсадга мувофиқ эканлигини қайд этди.

«Хусусан, Конституцияда Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар сиёсатини амалга ошириш, оилани қўллаб-қувватлаш, мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, қулай жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини белгилаш лозим», — дея таъкидлади у.

Бундан ташқари, давлат раҳбари суд-ҳуқуқ тизими билан боғлиқ Конституциявий нормалар хусусида сўз юритиб, «суд-ҳуқуқ тизимини қораловчи, жазоловчи органдан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи органга айлантириш» ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Хусусан, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш, «фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқиш» Конституциявий суднинг ваколати сифатида Конституцияда акс эттирилиши лозим.

Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий тамойиллари ва нормалари, жумладан, тинчликпарварлик ва дўстона сиёсат юритиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳамда давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш асосий қонунда ўз ифодасини топиши зарур.

Шу нуқтаи назардан Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янги таҳрирда ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Мазкур ҳужжатларнинг ғоятда аҳамиятли эканлигини ҳисобга олган ҳолда, президент ушбу Концепцияларни ҳам Конституциявий қонун шаклида қабул қилишни таклиф этди.

Давлат раҳбари янгиланган Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.

«Амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман. Бу „Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқдир“ деган тамойилга тўла мос келади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент сўзи якунида янгиланаётган Конституция ҳаётда тўла қарор топиши учун давлат томонидан барча куч ва воситалар сафарбар этилиши, ҳар бир конституциявий норма ижросини таъминлаш бўйича аниқ ижтимоий, иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий чоралар кўрилишига ишонтирди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 20 июнь ҳолатига кўра, фуқаролардан келиб тушган таклифлар сони 48 минг 492 тани ташкил этган. Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар муҳокамадан ўтказилган ва айни пайтда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида.