21 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, виночилик, озиқ-овқат, қурилиш, нефть-газ, газ-кимё, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди. Истиқболли кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида қўшма Инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олинди.

Шунингдек, маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун давлатлар ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шу маънода, транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан «Боку — Тбилиси — Қарс» темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.

Мутасадди вазирларга ипакчилик кластерини ташкил этиш, ғўзачиликдаги лойиҳаларни илгари суриш, инновацион ишланмаларни жорий қилиш бўйича «йўл харитаси»ни келишиб олиш топширилди.

Шу билан бирга, томонлар яқин фурсатда икки давлат пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишига келишиб олдилар. Давлат раҳбари жорий йилда Тошкентда биринчи Ҳудудлар форуми ва уларнинг саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмани ўтказиш таклифини илгари сурди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди. Президентлар бу борада алоҳида дастур қабул қилиш ва қўшма туризм ярмаркасини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватладилар.

Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш юзасидан қатор бошқа келишувларга ҳам эришилди.

Музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва президент Илҳом Алиев Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида 18 та ҳужжат имзоланди. Ҳудудлараро ҳамкорлик, саноат, халқаро автомобиль қатнови, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳаларидаги ҳамкорлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳамда туризм соҳасидаги ҳамкорлик дастури шулар жумласидан.

Ушбу ҳужжатлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишларида амалий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, дейилади хабарда.