Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қашқадарё вилоятидаги вакили (омбудсман) Косон туманидаги 10-сонли жазони ижро этиш колониясида маҳкумлар учун яратилган шароитлар билан танишди, деб 19 июнь куни хабар берди Омбудсман матбуот хизмати.

Омбудсманнинг минтақавий вакили 11 июнь куни колонияга ташрифи вақтида 10 та узоқ муддатли учрашувлар хоналари мавжуд ва учрашувлар муддати 3 кун деб белгиланганлиги ҳамда маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан учрашишлари учун барча шароитлар яратилганига ишонч ҳосил қилди. Ўтган йили маҳкумлар узоқ муддатли учрашувлар кунининг қисқартирилганидан норози бўлиб, шикоят қилишганди.

Минтақавий вакил колониядаги тиббиёт хоналарини ҳам кўздан кечирди. Маҳкумларни даволаш учун дори воситалари етарли даражада эканлиги, ҳар куни 70−80 нафар маҳкумга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани, аммо муассасада 3 нафар тиббиёт ходимининг етишмаслиги аниқланди.


Таъкидланишича, колонияда ошхона жиҳозлари ва идиш-товоқлар янгиланган, овқатланиш менюси белгиланган меъёрлар асосида тузилган ва керакли озиқ-овқат маҳсулотлари қониқарли ҳолатда сақланмоқда.

Муассасада СПИД касаллигига чалинган ҳамда пархез таомлар истеъмол қиладиган маҳкумлар учун алоҳида таомлар, хусусан сут ва қатиқ маҳсулотлари ҳам берилаётгани аниқланди, дейилади хабарда.

Ташриф давомида минтақавий вакилнинг якка ҳолдаги учрашувлари давомида унга 2 нафар маҳкум Тошкент шаҳридаги 23-сон ихтисослашган касалхонада даволаниши кераклиги бўйича мурожаат қилди. Ушбу мурожаат минтақавий вакил назоратига олинди, дейилади хабарда.