Жорий ой бошидан 21 июнь кунига қадар Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ёғингарчилик меъёрдан кўп кузатилди, дея хабар қилди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Тошкентда ўртача ойлик ёғингарчилик миқдори 17 мм ни ташкил этган бир вақтда ой бошидан буён 22 мм ёки меъёрдагидан 130 фоиз кўпроқ ёғингарчилик ёғди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг катта қисмида эса ёғингарчиликнинг умумий миқдори ўртача ойлик иқлимий кўрсатгичларидан кам бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет 17 июнь куни 20−22 июнда республика ҳудуди бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, айрим жойларда дўл ёғиши, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари ва Фарғона водийси вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида кучли ёмғир ёғиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган эди.

19−20 июнь кунлари республика ҳудудларига Қора денгиз ва Кавказ ҳудудларидан ғарбий нам ҳаво массаларининг кириб келиши қайд этилди. Бу жараён кучли шамол ва айрим вилоятларда кучли ёғингарчиликлар бўлишига олиб келди. Кучли ёғингарчиликлар республиканинг жанубий ва шимоли-шарқий ҳудудларида кузатилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида 20 июнь кундуз куни вақти-вақти билан кучли жадал ёғингарчилик кузатилди. Ёғингарчилик умумий миқдори пойтахтда нотекис тақсимланди.

Ўзгидрометнинг асосий кузатув станцияси жойлашган Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги Тошкент-Обсерватория ҳудудида қисқа вақт оралиғида ёғиб ўтган умумий ёғингарчилик миқдори 15 мм (ўртача ойлик ёғингарчилик миқдорига тенг кўрсатгич) бўлган бўлса, пойтахтнинг бошқа бир қисми халқаро аеропорт ҳудудидаги кузатув станциясида бу кўрсатгич 21 ммни ташкил этди. Ёғингарчиликлар асосан ёмғир кўринишида ёғиб ўтди.

«Сутканинг 12 соат ичида 15 мм ва ундан кўп ёғингарчилик кузатилиши бу хавфли метеорологик ҳодиса ҳисобланади. Айниқса, ёз ойларида бу каби ёғингарчилик одатда интенсив (жадал) кўринишда ёғиши ҳисобига, йўлсозлик ва қурилиш объэктларида нотўғри ёндашув асосида барпо этилган объектлар (латок, сув ўткази иншоотлари, дренаж, кучли ёғингарчиликка бардошли том ёрилмалари) сел-сув босиш ҳодисларини келтириб чиқариши мумкин», — дейилади хабарда.

Ёз ойларида пойтахтда 12 соат ичида 15 мм дан кўп ёғингарчиликлар кузатилиши жуда камдан кам ҳолатларда рўй беради. Тошкент шаҳрида охирги ўн йилликда ёзнинг дастлабки июн ойида биргина ҳолатда сутка давомида 15 мм дан кўп ёғингарчилик кузатилган. 2019 йилнинг июнь ойи бошларида (3 ва 6 июнь) Тошкентда икки кун ичида умумий 56 мм ёғингарчилик қайд этилди. Ёғингарчиликлар дўл ва кучли жадал ёмғир кўринишида ёғиб ўтди.

«Бу нормалми? Албатта, Тошкентда ёмғир кам ёғадиган ёки умуман ёғмайдиган (норма 25 фоиздан кам) июнь ойлари ҳам бўлади. Охирги 20 йил ичида бундай июнлар ойларнинг ярмига яқинини ташкил этган, 2001 ва 2008 йиллар июнида эса Тошкентда ёғингарчилик кузатилмаган. Ушбу 20 йил давомидаги бошқа июнь ойларида эса бизда 3 кундан 8 кунгача ёмғир ёғиши кузатилди», — дея қўшимча равишда «Газета.uz»га хабар берди Ўзгидромет.

Охирги 20 йилдаги энг серёғин июнь 2010 йилда кузатилган бўлиб, ўшанда ойнинг 12 кунида ёғингарчилик бўлган ва ёғингарчилик миқдори 66 мм ни ташкил этган эди, бу — беш ойлик меъёрга яқин.

Шу боис жорий йилнинг июнь ойини ёғингарчилик миқдори бўйича аномал деб бўлмайди, бироқ, хусусан, кечаги Тошкентдаги ёмғир июнь ойининг сўнгги ўн кунлигида жуда ноодатий ҳодиса бўлди, дея хулоса қилишди синоптиклар.