Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё мамлакатларидаги руҳий саломатлик ҳолатини баҳолади. Руҳий саломатлик хизматига бўлган эҳтиёж шунчалик каттаки, ёрдам хизматлари маҳаллий даражадаги бирламчи тиббий ёрдамнинг бир қисми бўлиши керак, дейилади ҳисоботда.

Пандемиянинг биринчи йилида депрессия ва безовталик 25% га ошди. Бу аллақачон руҳий касалликлардан азият чекаётган 1 миллиардга яқин одамлардан ташқари кўплаб одамларга таъсир қилди.

«Биз руҳий саломатликни мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ҳамда ёрдамга муҳтожларга ғамхўрлик қилиш бўйича ўз муносабатимиз, ҳаракатларимиз ва ёндашувларимизни ўзгартиришимиз керак», — дея таъкидлайди ЖССТ Бош директори Тедрос Гебрейесус ҳисобот сўзбошида.

Одамлар қашшоқлик, зўравонлик, тенгсизлик билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечирганда руҳий касалликлар хавфи юқори бўлади. Инсоннинг ақлий ривожланиши учун муҳим бўлган даврларда — биринчи навбатда болаликда — одамга таъсир қиладиган хавф омиллари айниқса хавфлидир.

Гўдаклик, болалик ва ўсмирлик даврлари — инсоннинг жисмоний соғлиғига таҳдид солувчи хавф омилларига айниқса таъсирчан, заиф бўлган ҳаёт даврларидир. Айнан шу даврдаги тарбия, ғамхўрлик ва ўрганиш учун қулай шароитлар келажакда руҳий саломатликни муҳофаза қилишнинг кучли омиллари бўлиши мумкин.

Одамларни янада чидамли қиладиган ҳимоя омиллари булар: индивидуал ижтимоий ва эмоционал кўникмалар ва сифатлар, ўзаро ижобий ижтимоий алоқалар, сифатли таълим, муносиб иш жойи, хавфсиз муҳит ва ижтимоий бирликдир.

Хатарларни камайтириш ва ҳимоя омилларини кучайтириш стратегияси қуйидагилардан иборат:

  • руҳий саломатликни мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилишни рағбатлантирадиган қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • беморларга ғамхўрлик қилувчиларни қўллаб-қувватлаш;
  • таҳқирлашга қарши кураш чораларини амалга оширишни ўз ичига олувчи мактаб дастурларини ишлаб чиқиш;
  • одамлар ўртасида, шу жумладан рақамли муҳитда мулоқот қилиш учун янада қулай шароитлар яратиш.

Мактабнинг ижтимоий ва эмоционал таълим дастурлари ҳар қандай даромадли мамлакатларда руҳий саломатликни мустаҳкамлашнинг энг самарали стратегияларидан биридир.


Фото: ЖССТ.

Руҳий саломатликка эҳтиёж юқори, аммо чоралар етарли эмас

ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, дунёда ҳар саккиз кишидан бири руҳий касалликдан азият чекади. Бу мамлакатлар ва жамиятлар иқтисодиёти учун қимматга тушади, аммо муаммо шундаки, уларга етарлича эътибор берилмаяпти.

Ўртача ҳисобда мамлакатлар соғлиқни сақлаш учун ажратилган барча харажатларнинг 2% дан камроғини руҳий саломатликка ажратади. Ўртача даромадли мамлакатларда бундай харажатларнинг 70% дан ортиғи ҳали ҳам психиатрия шифохоналарига тўғри келади. Муаммолар орасига хизматлар сифати, руҳий саломатлик саводхонлиги, камситиш киради.

Кўп жойларда расмий руҳий саломатлик хизматлари умуман мавжуд эмас. Натижада кўпинча одамлар ёрдам сўрамасдан руҳий касаллик билан яшашни давом эттиришади.

Руҳий саломатлик тизимидаги ўзгаришлар

Руҳий саломатликка сармоя киритишнинг учта асосий сабаби саломатликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишдир.

ЖССТ руҳий саломатлик департаменти директори Девора Кестел «Кўпчилик жамиятлар, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимлари руҳий саломатликка етарлича эътибор бермайди ва одамларни керакли ва улар лойиқ бўлган ғамхўрлик ва ёрдам билан таъминламайди», дея қайд этди.

ЖССТ таъкидлашича, соғлиқни сақлаш бўйича қарор қабул қилувчилар кўп тармоқли, кўп функцияли ёндашувни қўллашлари керак. Чунки руҳий касалликлари бўлган одамлар кўпинча клиник ёрдамдан ташқари хизматлар ва ёрдамга ҳам муҳтож бўлади.

Ҳисоботда Ўзбекистон мисоли келтирилади: 2021−2030 йиллар учун кенг тарқалган ва оғир руҳий касалликларга илмий асосланган чоралар кўришни кенгайтириш учун 398 миллион доллар сармоя киритиш кейинчалик самарадорликни тиклаш ҳамда соғлиқни сақлашни яхшилашдан режалаштирилган 382 миллион долларлик фойда келтиради. Бу эса 701 миллион долларга баҳоланади.

Эпилепсия (1) ва депрессияни (2) даволаш ҳамда депрессия ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш учун универсал мактаб таълими (3) унумдорликни тиклаш ва ҳар бир сармоя қилинган доллар учун 8,7 доллар (1), 3,4 доллар (2) ва 3 доллар (3) ўсиш нуқтаи назаридан сармоядан олинадиган энг юқори фойдани таъминлайди.

Барча мамлакатларда руҳий саломатлик бўйича мутахассислар сонини кўпайтириш, шу билан бирга бошқа тиббиёт ходимлари ва уларнинг ушбу соҳадаги малакасини ошириш зарурати мавжуд. Хусусан, бирламчи тиббиёт ходимлари ва кенг доирадаги ижтимоий ходимлар руҳий касалликларни аниқлаш, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда зарурат туғилганда беморларга йўлланма бериш ва кузатиш бўйича янги кўникмаларга ўқитилишлари керак.


Фото: ЖССТ.

ЖССТ ҳисоботида қайд этилишича, руҳий касалликларга чалинган одамлар тузалиб, янада яхши ва мазмунли ҳаёт кечиришлари учун тиббий ишлар болаларни ҳимоя қилиш, таълим олиш имконияти, бандлик ва ижтимоий ҳимоя каби ижтимоий хизматлар билан бирга тенг олиб борилиши керак.