ЮНИCЕФ Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан хавотирда, дейилади ташкилотнинг мамлакатдаги ваколатхонаси баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, биргина ўтган ойнинг ўзида ижтимоий тармоқларда бир неча бор аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик қўлланилгани, жумладан, куёв келиннинг бошига ургани, икки эркак аёлни самосуд қилгани, она болани калтаклагани тасвирланган видеолар эълон қилинган эди.

«Ташкилот болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликка бефарқликдан огоҳлантиради ва жамиятнинг бундай ҳолатларга муносабатини ўзгартиришга чақиради», — дейилади ЮНИCЕФ баёнотида.

Ташкилотнинг таъкидлашича, айрим ҳодисалар, жумладан, гўдаклар билан боғлиқ бўлганлари, жамоатчилик кўз олдида ва кузатувчилар иштирокида содир бўлмоқда.

«Аёллар ва болалар, айниқса қизлар, ҳар куни зўравонликдан азият чекмоқда ва бу, афсуски, мақбул, нормал, йўл қўйиш мумкин бўлган ва „оиланинг иши“ деб қаралади. Зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Зўравонликка барҳам беришда ҳар кимнинг ўрни бор. Одамларнинг зўравонликка муносабатини ўзгартириш, жазосиз қолишга чек қўйиш, ижобий тарбия меъёрлари ва амалиётини тарғиб қилиш, жабрланганларга малакали ёрдам кўрсатиш зарур», деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Дунё бўйлаб ҳар тўрт боладан бири зўравонликка дучор бўлади ва ҳар беш дақиқада бир бола зўравонликнинг турли шакллари туфайли вафот этади. Бундай ҳолатларни эрта аниқлаш, ишонч телефонлари ва мактабларда иш олиб бориш — ана шу исботланган самарали чоралар зўравонликка қарши курашда ёрдам беради.

Йўналтириш механизми болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашнинг муҳим бошланғич нуқтаси бўлиб, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашишда таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва адлия соҳалари мутахассисларининг роли ва мажбуриятларини аниқ белгилаш керак, дея таъкидлади ташкилот.

Ҳозирда ЮНИCЕФ Ўзбекистонда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш соҳасидаги давлат тузилмаларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида бутун мамлакат бўйлаб 50 000 нафар патронаж ҳамширалар оилаларга ташриф буюриш учун зарур кўникма ва материалларга эга бўлиб, улар бошқа масалалар қаторида бола тарбиясини қўллаб-қувватлаш, болалар эҳтиёжларига бефарқлик ва жисмоний зўравонлик ҳолатларини аниқлашлари мумкин.

Шунингдек, ЮНИCЕФ Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш котибиятининг Болаларни ҳимоя қилиш бўйича янги сектори, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ва Болалар омбудсмани билан болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва уларга жавоб бериш бўйича стандарт процедураларни ишлаб чиқиш ва тадбиқ этиш борасида ҳамкорлик қилмоқда.

Бундан ташқари, ЮНИCЕФ оилалар эҳтиёжларини кенг миқёсда кўриш, хавфларни аниқлаш ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун уларни тегишли хизматлар билан боғлаш имконини берувчи, ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқувчи — кейс менежмент тизимини кенгайтиришда мамлакаттга кўмак бермоқда.

Амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар билан бир қаторда ижтимоий ишчилар институтини яратиш ва бу муаммони тизимли ҳал қилиш учун бутун жамиятни сафарбар этиш зарур, дея қайд этди ЮНИСЕФ.