Сурҳондарё вилоятининг Қумқўрғон туманига Анвар Нормаматов ҳоким бўлди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

У шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Раҳматулло Гаппаровнинг ўрнини эгаллади.

Халқ депутатлари Қумқўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинишича, вилоят ҳокими Тўра Боболов ва мутасаддилар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари пастлигича қолаётгани, аҳоли турмуш шароитини оширишга етарли эътибор берилмаётганини танқид қилган.

Анвар Нормаматов 1981 йил 10 мартда Ангор туманида туғилган. 2003 йил Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ҳуқуқшунос.

2003−2021 йилларда Сурхондарё вилояти ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият юритган.

У 2021 йилдан буён Термиз шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.