Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактабларига 2022−2023 ўқув йили учун ўқувчиларни 1-синфга онлайн қабул қилиш тизими — my.maktab.uz электрон платформаси ишга тушганини маълум қилди. Бу орқали ота-оналар учун уйдан чиқмаган ҳолда мобил телефон ёки компьютер ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди.

Онлайн ҳужжат топшириш хизмати Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказидаги умумтаълим мактаблари учун мавжуд. Ариза топшириш жараёни 20 июндан 31 июлга қадар давом этади. Бунда жами 25 та шаҳар ва туманлардаги 816 та умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)ларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул белгиланган тартибда анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади. Бунда ота-оналар тўғридан-тўғри мактаб қабул комиссиясига мурожаат этишлари мумкин бўлади.

«Газета.uz» вазирликнинг my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиш ҳамда онлайн аризаларни топшириш бўйича қўлланмани тақдим этади.

Тизимга кириш

Ота-оналар my.maktab.uz сайтига кириб, асосий ойнадаги рўйхатдан ўтиш тугмасини босиши керак.

Фуқаролар аризани тўлдириши учун керакли тилни саҳифанинг юқоридаги қисмидан танлаб олиши мумкин.

Телефон рақами киритилади ва унга 6 та белгидан иборат ихтиёрий пароль қўйилади. Пастки қатордаги Паролни тасдиқланг қисмига ҳам ўша пароль қайта ёзилиши керак. 3700 қисқа рақамидан телефонга келган код орқали рўйхатдан ўтиш тасдиқланади.

Тизимга кириб рўйхатдан ўтаётган шахс маълумотларни тўлдириш жараёнида фақат ўзининг шахсий ҳужжатлари, телефон рақами ва боланинг ўз ҳужжатларини киритиши керак. Бошқа фуқаро учун маълумотлар тўлдириш ёки ёлғон маълумотлар киритиш тегишли жавобгарликка тортилишга олиб келиши мумкин.

Экранда очилган оммавий оферта (Фойдаланувчи битими қоидалари) билан танишиб чиқилади. Танишиш тугаллангандан сўнг розилик тугмаси билан тасдиқланади.

Маълумотларни киритиш

Экранда фойдаланувчининг умумий маълумотлари саҳифаси очилади. Унда фуқаролик тури танланиши керак. Ота-она ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг болага қариндошлик даражаси белгиланади. Агар фойдаланувчи ота-она ҳарбий хизматчи бўлса, қўшимча тарзда Ҳарбий хизматчи тугмаси босилиши керак. Кейингиси тугмасини босинг!

Эндиги саҳифада ариза тўлдираётган шахс ўзининг паспорт маъмотлари, серия рақами ва туғилган санасини киритади ва Қидириш тугмасини босади.

Паспортдаги ёзилган маълумотлар туфайли Ички ишлар вазирлигининг манзил маълумотлари базасидан фуқаронинг яшаш манзили ҳақидаги керакли маълумотлар автоматик тарзда чиқиб келади. Фақат пастги қисмда келтирилган яшайдиган маҳалла, кўча номлари, уй рақами танлаб олинади. Кейингиси тугмасини босинг!

Кейинги саҳифа боланинг маълумотлари ҳақида. Бу ерда аввал Хужжат тури қисмига кириб, керакли хужжат номини танлаш керак. Пастги қисмдан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада келтирилган серия танланади. Ундан кейинги катакка гувоҳнома рақами, 3-катакка эса туғилган кун, ой, йил санаси киритилиши ва Қидириш тугмаси босилиши керак.

Қолган маълумотлар пастда автоматик тарзда пайдо бўлади. Шундан сўнг, қуйидаги Якунлаш тугмасини босиш керак!

Аризани юбориш

Шундан сўнг Менинг аризаларим саҳифаси очилади. У ердаги Қўшиш тугмасини босиш керак!

Шундан сўнг, ариза бериш бошланади. Аввал Фарзанд тугмасини босиш керак. У ерда боланинг исм-шарифи чиқади. Унинг устига босилса, 1-синфга чиқаётган бола ҳақидаги маълумотлар чиқиб келади. Бу қисмдан унинг фақатгина қандай тилда ўқишинигина белгилаш керак. Қолган қисм ўзи автоматик тарзда чиқиб туради. Тўлдириб бўлгач, Сақлаш тугмаси босилади.

Сақлаш тугмаси босилгач, экранда Ариза пайдо бўлади. Юбориш тугмасини босиш орқали ариза модераторларга кўриб чиқиш учун юборилади. Тугмани босган пайтда такрорий равишда 3700 қисқа рақамидан яна тасдиқлаш коди келади. Кодни киритиб, Тасдиқлаш тугмасини босиш керак бўлади.

Мазкур жараёнда фуқаро юборган ариза ҳолати Қўриб чиқилмоқда ҳолатида туради. Тизим модераторлари юборилган аризалар тўғри тўлдирилганми ёки йўқлигини текширади. Агар ариза тўғри тўлдирилган бўлса, микроҳудуд бўйича танланган мактабга йўналтирилади.

Шундан сўнг юборилган аризанинг ҳолати Мактабга юборилдига ўзгаради. Модератор томонидан тўғри тўлдирилган аризаларни мактаб масъул ходимлари электрон платформа орқали қабул қилади. Қабул қилинган аризаларнинг ҳолати Мактабга қабул қилинди даражасига етади.

Аризалар 3 иш кунида кўриб чиқилиши керак. Онлайн қабул бўйича бошқа маълумотларни фуқаролар (71) 203 07 04 телефон рақами ёки Telegram`даги @mymaktab_uz расмий канали орқали олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, нодавлат таълим муассасаларига қабул жараёнлари ушбу таълим муассасаларининг ўзлари томонидан белгиланган тартибда бажарилади.