Ҳозирда Корея Республикасида вақтинча ишлаш истагидаги фуқаролар учун Тошкент шаҳрида EPS-Topik тест имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур имтиҳонларда бошқа фуқаронинг ўрнига кириб тест топшираётганларни огоҳлантирди.

Тест имтиҳонларида инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан тест ўтказиш учун махсус планшетлар берилади.

Планшетдаги тест саволлари иштирокчи қиёфаси (Face ID) автоматик тарзда аниқлангандан кейин очилади.

«Шунга қарамай, бугунги кунга қадар бошқа фуқаро ўрнига тестга кириш ва тестда қўшимча воситалардан фойдаланишга уриниш билан боғлиқ 23 та ҳолат аниқланган», — дейилади хабарда.

Келтирилишича, Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати талабларига мувофиқ, тест имтиҳони қоидаларини бузган фуқаро 3 йил давомида ушбу имтиҳонда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади ҳамда қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шу муносабат билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни имтиҳон жараёнида барча тартиб-қоидаларга риоя қилишга чақирмоқда.