Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 июндаги мажлисида қонун лойиҳаси муҳокамаси вақтида депутатлар Расул Кушербаев ва Алишер Қодиров ўртасида даҳанаки тортишув юзага келди.

Гап электрон далиллар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида кетмоқда. Расул Кушербаев мазкур қонун лойиҳасини депутатларга тақдим этар экан, барча партиялар фракцияларига ўзларинниг муносабатини билдириш бўйича таклиф билан чиқилганини эслатиб ўтди.

«Ўтган даврда барча партия фракцияларидан мавжуд лойиҳани қўллаб-қувватловчи мазмундаги хатлар берилди. Ўтган даврда биз бирорта депутатдан ёки алоҳида гуруҳлардан мана шу қонун лойиҳаси бўйича таклифларни олмадик. Шу боисдан қўмитамиз биринчи ўқишда киритилган лойиҳа вариантини яна кун тартибига киритиш ва овозга қўйиш таклифи билан чиқаяпти», — деди Расул Кушербаев.

Унинг сўзларига кўра, ягона ўзгариш бу — янги амалиётга кўра қонунларни қабул қилишда преамбула қисми қўшилган. У бошқа ўзгаришлар йўқлиги боис депутатлардан моддама-модда иккинчи ўқишда кўриб, маъқуллашни сўради.


Миллий тикланиш фракцияси аъзоси Илҳом Абдуллаев эса қонуннинг биринчи моддасидаёқ ўзининг эътирозини билдирди.

«Очиғини айтганда мен гапиришни хоҳламагандим. Агар қўмитанинг позицияси шундай бўлса, агар сизни шунақа қонун қониқтирса, ҳеч нарса қилмасдан уни қабул қилишни хоҳлаётган экансиз — қабул қилинг, ким сизга қаршилик қила оларди? Фақат депутатларнинг эътиборини 201−1-моддага қаратмоқчиман. Бу фуқаролар информацион ҳуқуқларининг жиддий бузилиши. Уни бу кўринишда қабул қилиш мумкин эмас. Уларни нима дейишмасин, 201−1-модда бу шунчаки жиноятдир», — деди у.

Расул Кушербаев бунга жавобан, мазкур масала ўтган сафар ҳам кўтарилганини қайд этди.

«Бу ерда терговчи-суриштирувчига ёки прокурор ё суднинг талабига кўра фуқаролар, корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар тергов ёки суд ҳаракатларини юритишда фойдаланиш учун зарур бўлган ўз ихтиёридаги маълумотларни тақдим қилиши кераклиги ҳақида гап кетаяпти. Бу амалиётда ўзининг ихтиёридаги ҳамма маълумотларни талаб қилишга олиб келиши мумкин фирклар ҳам айтилаяпти, лекин бу ерда аниқ ва тиниқ ёзилаяптики, яъни, суд ҳам, терговчи ҳам иш учун зарур бўлганини сўрайди», — деди у.

Таъкидланишича, амалиётда барча маълумотларни олиш бўйича талаб бўлмаган.

Депутатнинг қўшимча қилишича, мазкур модда иккинчи ўқишдан ўтиб бўлган.

Илҳом Абдуллаев яна бир марта сўз олиб, мазкур норма қабул қилинса терговчи ёки суриштирувчиларга электрон маълумотларни олиш учун «лазейка» яратиб берилишини таъкидлаб, буни қайта кўриб чиқишга чақирди.


Шундан сўнг, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев ҳам баҳс-мунозараларга аралашди.

«Терговчи, судья ёки прокурор талабига кўра, иш жараёнида раҳбар ёки мансабдорларнинг шахсий эҳтиёжидаги электрон маълумотлар ҳам қамраб олинадими ёки ишга оид маълумотлар қамраб олинадими? Чунки электрон маълумотни очиб берганингларда, унга ҳамма нарсани киритиб юбораяпсизлар. Ижтимоий тармоқлардаги аъборотларни ҳам электрон маълумот сифатида 204−1-моддада очиб бергансизлар», — деди у.

Унинг фикрича, бундан иш юритиш доирасида корхона мансабдор шахсларининг шахсий ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидаги маълумотларни ҳам тақдим этиш мажбурияти юкланаяпти. «Мен қонунни олиб чиқаётган депутатимbpybyu шахсий фикрини билмоқчи эдим, буни қанчалик тўғри деб ўйлайсиз?», — дея Дониёр Ғаниев Расул Кушербаевга юзланди.

Улар ўртасидаги суҳбат қуйидагича давом этди:

  • Ғаниев: Мантиқ тушунилаяптики, раҳбардан ўзини дейлик Facebook, Telegram саҳифасидаги шахсий, оилавий ёзишмалар ҳам кириб кетадими йўқми?
  • Кушербаев: Йўқ кирмайди.
  • Ғаниев: Қаердан билаяпсизлар кирмаслигини?
  • Кушербаев: 201−1-моддада аниқ айтаяпти, корхона, муассаса, ташкилот раҳбари ёки мансабдор шахсни ихтиёрида бўлган маълумотлар дейилган.
  • Ғаниев: Шахсий ёзишмалар менинг ихтиёримдаги маълумотлар-ку.
  • Кушербаев: Сиз корхонанинг ходими сифатида ўзингизни шахсий маълумотларингиз, саҳифангизни ҳам ўша корхонанинг ихтиёрига ўтказган бўлсангиз унда беришга мажбурсиз.
  • Ғаниев: Бу ерда корхонани ихтиёрида демаяпти. Бу ерда раҳбар билан мансабдор шахснинг ихтиёридаги деяпти. Юридик шахс деганда мен тушунган бўлардим, эртага бу шахсий маълумотларни қаердан ҳимоя қиламиз?
  • Кушербаев: Ундан фуқаро сифатида талаб қилмаяпти, корхонанинг раҳбари сифатида ташкилот ихтиёрида бўлса берасан деяпти.
  • Ғаниев: Лекин у сўз бу ерда йўқ. Корхона ихтиёридаги деб ёзинглар, гап йўқ.
  • Кушербаев: Корхона раҳбарининг фуқаро сифатидаги у ўзини, лекин корхона раҳбари сифатида бериши керак.
  • Ғаниев: Лекин шуни эртага шундай талқин қилинмаслигига ким жавоб беради?
  • Кушербаев: Бундан талқин қилинмайди!

Депутатларнинг бир бирини тингламасдан баҳсга кириши мажлисга раислик қилувчи Улуғбек Иноятовнинг аралашувидан сўнг якунланди.

Расул Кушербаев узр сўраб, энди индамаслигини таъкидлади.


Депутат Шуҳрат Полвонов қўмитадоши Кушербаевнинг тарафини олди. «Қонунни айнан фақат ўзини ўқийверса, кўзимизга хар ҳил олабўжилар кўринаверади. Амалдаги нормада хатто тергов ёки суд билан боғлиқ деган тушунчаларни ҳам бермаяпти. Биз бугун киритаётган 201−1-моддамизда бундан кўра яхшироқ, адолатлироқ қилиб, тергов, жиноят иши билан боғлиқ бўлса деган тушунчаларни киритаяпмиз», — деди у.

Унинг фикрича, ўз ихтиёри деганда гап корхона ва муассасалар раҳбарларининг шахсий маълумотлари ҳақида кетмаяпти. Таъкидланишича, бу борада амалиётда фуқаролар суд ёки терговдан шикоят қилмаган. «Олдин депутатлар суд ёки тергов жараёнида қатнашиб, процессуал тартиблар қандай бўлиши ҳақида маълумот олса [мақсадга мувофиқ бўларди]», — деди у.

«Бу дегани биринчи улар келиб туриб, олдин ҳовлингизни титкилаб, ҳамма маълумотларингизни кўриб чиқиб, энди ичидан мана буни бер демайди. Терговчи ёки суднинг ҳам ундай ҳаракат қилишига ҳаққи йўқ. Улар аниқ маълумотни сўрайди. Бу процессуал жараёнлардан ҳавотир олмасаларингиз ҳам бўлади», — деди Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.


Мунозараларга ХДП фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров ҳам аралашди.

«Корхонанинг фаолиятига тегишли бўлган маълумотлар билан шахсий маълумотларнинг ўртасида аниқ қизил чегара қўя олмаймиз. Бугунги кунда бунинг ҳеч иложи йўқ. Биз бу моддани қабул қилинишига қарши эмасмиз. Лекин, бу ерда аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Биз [шахсий маълумотларини] олиб қўймаймиз деяпсиз. Бундан ҳолатлар жуда кўп. Амалиётда ҳам кўрганмиз, ноутбукни ҳибсга олиб, тергов жараёнида 3−4 ойлаб қайтариб бермасдан юрган ҳолатлар ҳам бўлган, бугун ҳам бўлиб турибди. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Ҳужжатда муаммо бор, буни кўриб, билиб туриб қабул қилиб юборсак жуда катта хато бўлади», — деди у.

Миллий тикланиш фракцияси аъзоси Алишер Қодиров эса лойиҳа доирасида ҳозиргача билдирилган эътирозларга бирор марта жавоб олмаганини маълум қилди.

«Мутахассислар бизга техник ечим бериши керак. Ахборот асрида яшаяпмиз. Электрон далилни орқасидан жуда катта электрон маълумотлар базасига бир қадам, бир ҳаракат билан [етишиб олиш] имконияти бўлади. Бугун йирик компаниялар тижорат сири, уларнинг ҳаёт-мамотига боғлиқ бўлган маъумлотларни электрон шаклда сақлайди. Қанақадир арзимас масала орқали ўша электрон базага имконият яратиб берилса, компаниялар банкрот бўлиши мумкин», — деди у.

Унинг фикрича, мазкур ҳолатларга қонун ташаббускорлари томонидан бирор ечим берилмаган.

«Бу масаланинг жавоби йўқ. Процесда ҳеч қанақа ҳалақит бермайди, биз уни чеклаб қўямиз, ўша қисмини оламиз, қолганини олмаймиз деган гапларни қилаверишинглар мумкин. Лекин сизлардан ҳам фойдаланиб қолишлари мумкин, ўзинглар билмай қоласизлар», — деди Алишер Қодиров.

У ўқиш вақтида ўртоғининг компютери йўқолиб қолгани ва қидирувда топилгач, терговчиларнинг унинг паролини сўраб, ичини очиб кўргани, шундан сўнг, компютерда турли нарсалар чиққани боис у катта миқдорда жаримага тортилганини мисол қилиб келтирди.

«Электрон маълумотларга „доступ“ беридингизми, уни ичидан нималар чиқиб кетишини ҳеч ким [жавоб беролмайди]. Лекин у шахсий, хатто сирли, ёпиқ маълумот бўлиши мумкин. Шарофиддин аканинг гапи жуда ҳам тўғри, биз шошилаяпмиз. Бунинг ечими, электрон далилни қаеридан қайси чегара билан ажратиб олишини бизга қозилар эмас, техник мутахассислар айтиб берсин. Ва қандай қилиб шахсий маълумотларни ҳимоялаб беришади?», — деди у.

Шундан сўнг, у Расул Кушербаев билан баҳс-мунозараларга киришиб кетди. Уларнинг бир-бирига сўз бермасдан тортишган суҳбати қуйидагича тус олди:

  • Қодиров: Мана масалан бизнинг энг озодликсевар депутатамиз Расул Хидралиевичнинг ўзи билмаяпти, тушунмаяпти.
  • Кушербаев: Ким айтди тушунмаяпти деб? Кечириб қўясиз мен яхшигина тушуниб турибман.
  • Қодиров: Тўхтаб туринг, мен сиз билан тортишмоқчи эмасман.
  • Кушербаев: Қонунни ўқиш керак яхшилаб, қонунни ўқимаяпсизлар.
  • Қодиров: Қонунни ўқиганим учун айтаяпман. Сиз билан полемика қилмоқчи эмасман.
  • Кушербаев: Фуқаро демаяпти-ку, аниқ ёзаяпти. Қонунни ўқимаяпсизлар.
  • Қодиров: Қонунни ўқидик.
  • Кушербаев: Мени нимани ўйлаётганимни умуман гапирманг.
  • Қодиров: Саҳнага чиқволиб, «лўличилик» қилманг, эшитинг. Саволга жавоб бериш учун чиққансиз, мен билан полемика қилиш учун чиққанингиз йўқ.
  • Кушербаев: Тўғри тушуниб турибман, масъулман шунга.
  • Қодиров: Техникмисиз? IT`ни тушунасизми? Электрон маълумот нима эканлигини тушунасизми? Ҳеч нимани тушунмайсиз. Битта саволга ҳам жавоб беролганингиз йўқ. Ўшанинг учун депутатларни қонунни қўмитага қайтариб, муҳокама қилиб, тагига етишга чақираман.

Шундан сўнг, мажлисга раислик этувчи Улуғбек Иноятов лойиҳа ташаббускори бўлгани учун биринчи ўринда қўмитанинг қонунни қабул қилиш таклифига овоз беришни сўради. Кейин эса уни қўмитага қайтариш бўйича таклифни овозга қўйишини маълум қилди.


Лойиҳани 43 нафар депутат қўллаб-қувватлади, яна 42 нафари қарши овоз берди, 22 нафари бетараф ва 9 нафари овоз бермаганлар қаторида қолди. Якунда ҳужжат қўмитага қайтарилди.

Марказдан тушишдан олдин Расул Кушербаев қонун муҳокамасини «шахсий адоватга айлантирмасликни сўради».

Жамоатчилик муносабати

Қуйи палата матбуот котиби Одилжон Тожиевнинг ёзишича, «бу нормал ҳолат ва парламентдаги доимий ишчи жараён».

«Бу ҳолат парламент қуйи палатасида ички муҳит ёмонлигини, халқ вакиллари ўртасидаги муносабатлар дарз кетганини англатмайди. Масалани шундай талқин қилаётганлар, гап бундай. Сиз қонун ижодкорлиги жараёни ҳақида етарли тасаввурга эга бўлмай туриб, нотўғри мулоҳаза юритаяпсиз. Расул Кушербаев тақдим қилган қонун лойиҳаси бўйича муҳокамада сўзга чиққан ва эътироз билдирган барча депутатлар, хусусан, Алишер Қодиров билан ҳам ўзаро дўстона алоқада», — деб ёзди у.

Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев видеони тўлиқ кўриб, ўрганиб чиққанини маълум қилди.

«Кушербаев ҳимоя қилаётган Жиноят-процессуал кодексини ўзгаритиришга оид қонун лойиҳасига фақат Қодиров эмас, бошқа депутатлар — Илҳом Абдуллаев, Дониёр Ғаниев, Шарофиддин Назаров ҳам эътироз билдирган. Ҳуқуқшунос сифатида айтишим мумкинки, барчасининг эътирози тўппа-тўғри!», — деб ёзди у.

Унинг фикрича, қонун лойиҳаси матни юридик жиҳатдан пухта эмас, шу сабабли эртага амалиётда терговчилар бу «лазейкали» қонундан фойдаланиб, мансабдор шахсларнинг телефон ва компьютерларини бемалол титкилай оладиган бўлиб қолади. «Амалиётда буни бирорта депутат назорат қилиб беролмайди, қўлидан келмайди. Ҳушёр депутатларга раҳмат!», — деди ҳуқуқшунос.

Бундан ташқари, у Алишер Қодировнинг шахсиятга ўтиб кетганини қоралади.

«Алишер Қодировнинг юртимизда ҳам кўпчиликни ташкил этадиган миллатга нисбатан ҳурматсизлик маъносини уйғотувчи иборани ишлатгани нотўғри бўлди. Имкон қадар бундай ибораларни ишлатишдан барчамиз қочишимиз керак», — деб ёзди Хушнудбек.

Ижтимоий тармоқларда қуйи палата мажлисларига бу тарзда жон киргани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Шундан сўнг, депутат Расул Кушербаевнинг ўзи ҳам қисқа изоҳини эълон қилди.

«Мен ҳақиқатан ҳам озодликни севаман ва ўзимни озод инсон деб биламан. Бу менинг энг қадрли бойлигим. Менимча қолганлар ҳам озодликни севиб, ўзларини озод инсонлар деб билишади, айниқса депутатлар. Биз озодсеварлармиз!», — деб ёзди у.