Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни «Табиий газ бозорини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга асосан табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи UzGasTrade акциядорлик жамияти ташкил этилмоқда. Ҳозирда бу функцияни «Ўзтрансгаз» компанияси шуғулланмоқда, энди у газни ташиш, сақлаш ва транзит ташишга ихтисослашган магистрал газ транспорти тизимининг ягона оператори бўлади.

Қарор билан 2022 йил 1 августдан бошлаб UzGasTrade:

  • табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш;
  • «Ҳудудгазтаъминот» АЖга ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш, шу жумладан президент қарорларида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари ягона экспорт қилувчи функцияларини бажаради.

Бунда, маҳсулот тақсимотига оид битимларни ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, қўшма корхоналар ва UzGasTrade АЖ ўртасидаги табиий газни харид қилиш тўғрисидаги шартномаларни расмийлаштириш ишлари 2022 йил 1 августга қадар «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан бажарилади.

«Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» республика бўйича газ тақсимлаш станциялари ва саноат тугунларини хатловдан ўтказиб, ушбу объектлар орқали хизмат кўрсатиладиган истеъмолчиларга боғлиқ ҳолда уларни қайта тақсимлайди. Ўзбекистонда газ узатиш тизимини, шу жумладан ер ости газ сақлаш омборлари инфратузилмасини 2040 йилгача ривожлантириш ва модернизация қилиш стратегиясини ишлаб чиқилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Энергетика вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитаси билан икки ой муддатда «Ўзтрансгаз» АЖ магистрал газ узатиш тизимидаги барча кириш ва чиқиш нуқталарида ўрнатилган газ ҳисоблагичларни хатловдан ўтказиб, уларнинг устидан онлайн назорат ўрнатади.

Белгиланишича, UzGasTrade АЖ устав капиталидаги давлат акциялари пакетлари бўйича акциядор ҳуқуқи Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Ташкилотнинг устав капитали Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағларининг бир қисми ҳисобидан шакллантирилади.

Табиий газни сотиб олиш ва ички бозорда уни сотиш билан боғлиқ 2022 йил 1 август ҳолатига мавжуд дебитор ва кредитор қарздорликлар бўйича барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар «Ўзтрансгаз» зиммасида қолади.

Қарорга кўра, «Ўзтрансгаз» АЖнинг табиий газни харид қилиш ва сотиш шартномалари ҳамда битимлари, шу жумладан маҳсулот тақсимотига оид битимлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари 2022 йил 1 августдан бошлаб UzGasTrade АЖга ўтади. Ушбу ташкилот томонидан табиий газни импорт қилиш тендер, танлов ҳамда ҳукумат қарори асосида тўғридан-тўғри музокаралар натижаларига кўра амалга оширилади.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан UzGasTrade АЖнинг табиий газни сотиб олиш ва сотиш нархларидаги тафовут сабабли юзага келадиган зарарларини қоплаш ва операцион фаолиятини молиялаштириш мақсадида:

  • икки ҳафта муддатда UzGasTrade АЖнинг фаолиятини молиялаштириш учун зарур бўладиган маблағлар ҳисоб-китоби ва манбаи бўйича аниқ таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • бир ой муддатда «2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади;
  • кейинги йилларда ушбу мақсадлар учун субсидияларни «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаларида назарда тутилади.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзтрансгаз» 2021 йилни 2,51 трн сўм (2021 йил учун ўртача йиллик курс бўйича 236,2 млн доллар), 2020 йилни 3,57 трлн сўм (354,7 млн доллар) зарар билан якунлади. «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, бугунги кунда компаниянинг умумий қарзи 2 млрд доллардан ошган.

Аввал хабар берганимиздек, 1 июлдан Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархларини ошириш, шунингдек, энергия ресурсларини истеъмол қилишда ижтимоий нормаларни жорий этиш таклиф қилинмоқда.