Президент Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни «Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, аҳоли ўртасида дзюдонинг оммавийлигини ошириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишини таъминлаш мақсадида дзюдони Ўзбекистонда ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Улар қуйидагилардан иборат:

  • дзюдони аҳоли ўртасида оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;
  • мактабгача ёшдаги болаларда дзюдога қизиқиш уйғотиш ва жанг санъатининг ушбу тури бўйича бошланғич кўникмаларни шакллантириш;
  • дзюдо бўйича профессионал тренерлар, малакали ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш;
  • дзюдо инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо заллари сонини кўпайтириш;
  • Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жисмоний тайёргарлик машғулотлари дастурига дзюдони босқичма-босқич киритиш, улар тизимидаги таълим муассасалари ўқувчи-талабалари учун ушбу спорт тури бўйича факультатив машғулотлар ва тўгараклар ташкил қилиш;
  • аёллар ўртасида дзюдони ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • оммавий ахборот воситаларида соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми сифатида дзюдони тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда ахборотлаштириш ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни таъминлаш.

Дзюдо бўйича мусобақалар

Қарорда қайд этилишича, Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб анъанавий тарзда дзюдо спорт тури бўйича иккита халқаро ва учта республика даражасидаги турнир ўтказилади.

Улар қуйидагилардан иборат:

  • катталар ўртасида «Катта дубулға» халқаро турнири;
  • Осиё чемпионати ғолиби ва Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси Учқун Муродов хотирасига бағишланган 18 ёшгача бўлган ўғил болалар ва қизлар ўртасида халқаро турнир;
  • умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Халқ таълими вазири кубоги»;
  • ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида «Олий ва ўрта махсус таълим вазири кубоги»;
  • Қуролли Кучлар тизимида «Мудофаа вазири кубоги»;
  • 2024−2025 йилларда ҳарбийлар ўртасида Жаҳон чемпионати.

Халқаро турнирларда маҳаллий дзюдочилар билан биргаликда юқори рейтингга эга бўлган кучли халқаро дзюдочилар, тренерлар ва ҳакамлар иштирок этади.

Тошкент шаҳри 2022 йил октябрь ойида дзюдо бўйича катталар ўртасида Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади.

Ушбу жаҳон чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ҳомийлар маблағлари (титул ҳомийлик, реклама, ахборот ҳамкорлиги ҳамда телевизион трансляция медиа ҳуқуқларидан тушадиган), шунингдек, Ўзбекистон дзюдо федерацияси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бунда, олинадиган фойда Ўзбекистон дзюдо федерацияси тасарруфида қолдирилади ҳамда дзюдони янада ривожлантиришга, жумладан, дзюдо мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ҳамда федерация фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.

Дзюдо бўйича таълим

Ҳужжат билан, 2023 йил 1 январдан Сурхондарё ҳамда Хоразм вилоятидаги олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари негизида Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимига кирувчи Денов ҳамда Урганч дзюдо мактаблари ташкил этилади.

Белгиланишича, мазкур дзюдо мактаблари фаолияти дзюдо бўйича қобилиятли ва иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ҳамда уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади. Дзюдо мактабларига 5-синфдан ўқишга қабул қилинади ҳамда таълим олиш муддати етти йил этиб белгиланади.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда дзюдо мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилиши белгиланди.

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан умумий ўрта таълим мактабларида дзюдо спорт турини ривожлантириш бўйича «Болалар учун дзюдо» дастури ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида «Мактабгача дзюдо» лойиҳаси жорий этилади.

2022/2023 ўқув йилидан Ўзбекистон Миллий университетида «Дзюдо ва спорт фаолияти» бакалавриат таълим йўналиши очилади. Шунингдек, Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимида Ўзбекистон дзюдо академиясини ташкил этилади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон дзюдо академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • дзюдо, шу жумладан, парадзюдо бўйича спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий маҳорати ва малакасини ошириш;
  • дзюдо, шу жумладан, парадзюдо бўйича профессионал, юқори малакали спортчилар, тренерлар, тренер-селекционерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни халқаро талаблар асосида тайёрлашга кўмаклашиш;
  • дзюдо, шу жумладан, парадзюдо бўйича ўқув дастурлар ва методологияни янгилаш, ёшларнинг тайёргарлик жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этиш;
  • маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида семинар, тренинг, мастер-класслар, ўқув машғулотлар ташкил этиш.

Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда дзюдо мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилиш вазифаси юклатилди.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳрида Ўзбекистон дзюдо академияси учун Япониянинг «Кодокан» кўп функцияли, замонавий ва универсал дзюдо маркази намунаси бўйича Халқаро дзюдо федерацияси талабларига жавоб берадиган, спорт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган бино ва иншоотлар (спорт зали, ўқув биноси, ошхона ва ёрдамчи бинолар) қуриб, фойдаланишга топшириш белгиланди.

Шунингдек, Бўстонлиқ тумани, Оқтош қишлоғи ҳудудида дзюдо бўйича миллий терма жамоалар учун Халқаро дзюдо федерацияси стандартларига жавоб берадиган 50 ўринли ётоқхона ва ошхона, тренажёр зали, тиббий пункт ва замонавий спорт анжомлари билан тўлиқ жиҳозланган ўқув-машғулот базасини барпо этилиши кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 июнь куни қўл жангини ривожлантириш бўйича ҳам президент қарори имзоланди. Унга кўра, 2023 йилдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида қўл жанги бўйича Хотира турнири, профессионал спортчилар ўртасида президент ва Амир Темур кубоги халқаро мусобақалари ўтказилади. Бундан ташқари, янги ўқув йилидан бошлаб мактабларда қўл жанги бўйича маҳорат дарслари ўтилади.