ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» Конституцияни ислоҳ қилишни бошлаш таклифини билдирди

ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» фракцияси аъзолари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқишди. Партия депутатлари ислоҳотлардан келиб чиқиб, Конституцияни бугунги реал воқеликка мослаштириш зарур деб ҳисоблайди. Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Конституцияга 10 дан ортиқ ҳолат бўйича ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди.

«Терроризм ва экстремизмни дин билан боғлаш зинҳор мумкин эмас» — Содиқ Сафоев

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев терроризм ва экстремизмни дин билан боғлаш зинҳор мумкин эмаслигини таъкидлади. «Ўрнашиб қолган стереотиплар ва янглиш фикрларга қарши курашиш — умумий вазифамиздир», — деди у. Сенаторнинг сўзларига кўра, халқаро терроризмнинг тубида иррационал, олдинги даврлардан мерос қолган дунёқараш ётибди, уларга қарши кураш эса маънавият, талим ва мулоқот эвазига олиб борилиши лозим.

Қирғизистонда Марокко чигирткаси кўпаймоқда. Бу Ўзбекистон учун хавфлими?

Қирғизистоннинг Аксий туманида экин майдонларда Марокко чигирткаси кескин кўпайиб кетаётгани айтилмоқда, бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига ҳам хавф туғдириши мумкин. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу вазият назоратга олингани ва тегишли чоралар кўрилганини маълум қилди. Таъкидланишича, жорий йилда қўшни давлатлардан 50−60 минг гектарга чигирткалар учиб ўтиш хавфи бор, шу боис Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззахда кимёвий ишлов ишлари олиб борилмоқда.

ДХХ ходими Сурхондарё вилояти ҳокимига ўринбосар бўлди

Абдурасул Абдурахманов Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. У бунга қадар Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бўйича бошқармасида фаолият юритган.

Муротжон Азимов депутат бўлди

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов халқ депутатлари вилоят Кенгашига депутат этиб сайланди.

«Имтиёзли кредитлар — самарали пул-кредит сиёсати учун жиддий муаммо» — МБ

Марказий банк имтиёзли кредитлаш амалиётининг макроиқтисодий самарадорлиги пастлиги ва ушбу амалиёт самарали пул-кредит сиёсати учун жиддий муаммолардан бири эканлигини қайд этди. 2019 йилдан бошлаб уларни бозор фоизларига яқинлаштириш учун ставкалар кўтарила бошланди, бироқ, МБ асосий ставкаси ўсиши билан ўртадаги фарқ яна ошди.

Сурхондарёда ўқувчининг калтакланиши ортидан мактабнинг 4 ходими ва директори ишдан бўшатилди

Сурхондарёдаги 4-мактабда ўқувчи калтакланиши 27 апрель куни содир бўлгани ва бунинг ортидан мактаб директорининг икки ўринбосари, синф раҳбари ва инглиз тили фани ўқитувчиси ишдан бўшатилгани маълум қилинди. Ижтимоий тармоқларда видео тарқалгач, мактаб директори ҳам лавозимидан озод қилинди. Бандихон туман ИИБ калтак еган ўқувчи ва унинг айрим синфдошлари безорилиги юзасидан ҳам суриштирув ўтказмоқда.

Ҳафта илиқ бўлади, айрим жойларда ёмғир ёғади

16−17 май кунлари Ўзбекистонда қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳарорат +30 даражагача исийди. 18−19 май кунлари Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийсида қисқа муддатли ёмғирлар бўлиши кутилмоқда.

Фуқаро ва банк ходими 1 млрд сўм кредит маблағини талон-торож қилганликда гумонланмоқда

Қибрай туманида фуқаро «Микрокредитбанк» Тошкент вилояти филиали кредит бўлими бошлиғи билан 1 млрд сўм кредит маблағини талон-торож қилганликда гумонланмоқда. Шунингдек, Сурхондарёнинг Узун ва Денов туманларида ҳам фуқаролар имтиёзли кредит маблағларини талон-тарож қилгани атилмоқда.

Монопол корхоналарнинг 3,6 млрд сўмдан кўпроқ асоссиз даромади истеъмолчиларга қайтарилди

Антимонополия қўмитаси 4 ой ичида 10 та ҳолатда инсофсиз рақобатга йўл қўйилганини аниқлади, қолаверса, тил бириктириш ва картель келишувлар бўйича жами 4 та ҳолат ўрганиб чиқилди. Натижада монопол корхоналар тартибга солинадиган нархларни нотўғри қўллаши ортидан олган 3,6 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромади истеъмолчиларга қайтарилди. Давлат харидлари доирасида эса 985 та рақобатга зид ҳолат аниқланди.

Янги йил куни «ўт ўчиргич»ни портлатган шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

1 январь куни тонгда пойтахтдаги «Самарқанд дарвоза» мажмуаси яқинида «ўт ўчиргич» мосламасини портлатган 8 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Айбланувчиларнинг энг каттаси 25 ёш, энг кичиги эса — 19 ёшда. Жабрланувчи фуқаро воқеа оқибатида оёғидаги бир бармоғидан айрилганини айтди. Судланувчилардан бири эса «ўт ўчиргич»ни қандай ясагани ҳақида сўзлаб берди.

Фарғонада пул эвазига АҚШ ёки Жанубий Кореяга ишга юбормоқчи бўлган шахс ушланди

Марғилонда фуқарони уч йил давомида алдаб, АҚШ ёки Жанубий Кореяга ишга жўнатишига ишонтириб, 12 700 доллар маблағини қўлга киритган шахс ушланди. У 500 долларни қайтариб, ўз айбига иқрор бўлгани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Қорақалпоғистонда фуқароларга ўқимасдан «права» олиб беришга уринган автомактаб ходими ушланди

Беруний туманида автомактаб ходими 4 кишини ўқув жараёнларига қатнаштирмасдан, танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришига ишонтиргани айтилмоқда. Бунинг эвазига у 800 доллар ва 16 млн сўмни олганида қўлга тушган.

Ўзбекистон мактабларида одоб-ахлоқ қоидалари қайта кўриб чиқилади

Халқ таълими вазирлиги 1 августга қадар мактабларда ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини қайта кўриб чиқади. Унда мактаб ва ота-онанинг таълим ва тарбияда иштироки, масъулияти ҳамда мажбуриятлари акс эттирилади. Қолаверса, 2023−2024 йилларда мактабларда эскирган компьютер синфларини янгилаш учун жами 400 млрд сўм ажратилади, интернет тезлиги 100 Мбит/с гача оширилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортажлар:

NFT нима ва у қандай пайдо бўлган?

Охирги икки йил ичида рассомлар, мусиқачилар ва криптотрейдерлар орасида NFT атамаси энг қизиқарли мавзулардан бирига айланган. NFT ўзи нима? Нега NFT атрофида бунчалик кўп шов-шувлар юзага келмоқда? У қандай пайдо бўлган? Қуйидаги мақолада «Газета.uz» ушбу саволларга жавоб беради.

Фото: Фарғонадаги «Янги Ўзбекистон» массиви қандай кўринишда бўлади?

Шавкат Мирзиёев Фарғонага сафари чоғида «Янги Ўзбекистон» массиви қурилишини бориб кўрди. Бу ерда қарийб 300 та кўп қаватли (7 дан 25 қаватгача) уйлар, ҳиёбон ва кўл, мактаб ва болалар боғчалари, саноат зонаси ва бошқа объектлар қурилиши режалаштирилган. Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов массивни қурилаётганлари орасида «энг яшил ва экологик массив» деб атади. Коммуникация эса махсус туннелдан ўтказилади.

Фото: Тошкент ҳайвонот боғидаги «Уйга йўл» кўргазмаси

Тошкент ҳайвонот боғида «Уйга йўл» хайрия кўргазмаси давом этмоқда. Кўргазмадан мақсад — уйсиз кучук ва мушукларга уларни севадиган оилани топишларига кўмаклашиш. Кўргазманинг биринчи кунидан Евгений Сорочин фоторепортажи.