Ўзбекистон банк тизимида имтиёзли кредитлаш амалиёти кенг тарқалган, лекин имтиёзли шартлардаги кредитлар ҳажми ва улуши тобора камайиб бормоқда. Бу ҳақда регулятор ўзининг ҳисоботида маълум қилди.

Имтиёзли кредитлар — таркибига миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаси ажратилган вақтдаги Марказий банк асосий ставкасига тенг ёки паст бўлган кредитлар ва хорижий валютадаги кредитлар бўйича манбаси давлат кафолати остида жалб этилган ташқи кредит линиялари бўлган кредитлар киритилган.

Хусусан, жами ажратилган кредитларда имтиёзли кредитларнинг улуши 2019 йил январь ойидаги 60,5 фоиздан 2021 йил декабрда 18,2 фоизгача пасайиб, тижорий шартларда бозор тамойиллари асосида ажратилаётган кредитлар ҳажмининг ортиб бораётганлигини билдиради.

Марказий банк қатор хорижий тадқиқотларга таяниб, имтиёзли кредитлаш амалиётининг макроиқтисодий самарадорлиги паст эканлигини таъкидламоқда. Самарали пул-кредит сиёсати учун ҳам имтиёзли кредитлаш амалиёти асосий муаммолардан ҳисобланади.

Президентнинг 2019 йил 18 ноябрдаги фармони билан барча имтиёзли кредитлар 2020 йил 1 январдан бошлаб МБнинг асосий ставкасидан кам бўлмаган фоиз ставкаларида ва 2021 йил 1 январдан бошлаб бозор ставкаларида ажратилиши белгиланганди.

Бироқ, коронавирус пандемияси ва унинг оқибатида юзага келган иқтисодий инқироз шароитида аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини қўллабқувватлаш мақсадида 2021 йилда ҳам оилавий тадбиркорлик давлат дастурлари бўйича кредитларни Марказий банк асосий ставкасида бериш амалиёти давом эттирилди.

Компенсация механизми орқали зарур ҳолларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган қарз олувчиларга, айрим соҳа ва йўналишларнинг ривожланишига кўмаклашиш мақсадида улар олган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан тўлаб бериш амалиёти жорий этилмоқда.


Имтиёзли кредитлар бўйича фоиз ставкалари ўсувчи динамикага эга бўлиб, юқоридаги қарорлар ва механизм ҳисобига миллий валютадаги имтиёзли кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 2019 йил январдаги 8,5 фоиздан 2021 декабрда 11,4 фоизгача кўтарилди ва МБ асосий ставкасидан тафовути қисқариб бормоқда.

Шунга қарамасдан, имтиёзли кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 11,1 фоизга камайтирилганидан сўнг, 2022 йил март ойига келиб яна 11,5% га кўтарилди. Бироқ, Марказий банкнинг асосий ставкаси билан ўртадаги фарқ у 17 фоизга кўтарилгач яна ошиб кетди.


Банк тизимида имтиёзли кредитлаш амалиётининг қисқариб бораётганлиги ва улар бўйича ўртача фоиз ставкаларининг асосий ставкага яқинлашиши, ўз навбатида, пул-кредит сиёсати соҳасида қабул қилинаётган қарорларнинг иқтисодиётга ўтиш самарадорлигининг ортишига ҳам хизмат қилади.

Йил бошида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 2021 йилдан Ўзбекистонда имтиёзли кредитлаш сиёсатини бекор қилиш режалаштирилганлиги, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу режаларни кейинга суришга тўғри келганини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили имтиёзли шартларда кредитларнинг 24,6 фоизи берилган ва бу 2018 йилга нисбатан 2 баробар камдир. Шу билан бирга, имтиёзли кредит портфели таркибида муаммоли кредитларнинг улуши юқори даражада қолмоқда.

Шунга қарамасдан «Газета.uz» март ойида 2017−2021 йилларда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилган ва қайтарилмаган муаммоли кредитларни маҳаллий бюджетларнинг режадан ошириб бажарилган қисмидан қопланиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

2020 йилнинг март ойида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов «имтиёзли кредитлар бор жойда, албатта, нотўғри фойдаланиш тенденцияси ва коррупцион унсурлар бўлади», — дея таъкидлаганди.