16 май куни Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Бунга асос қилиб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш маросимидаги нутқи ва Конституция кунига бағишланган байрам табригида конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш зарурати борасида илгари сурилган фикрлари келтирилган.

«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, ҳусусан адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар уларни амалга оширишга зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи Конституциявий маконни янада такомиллаштириш эхтиёжини кун тартибига кўймоқда», — дейилади хабарда.

Фракция аъзолари Конституциянинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун янада мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш бўйича ўзларининг аниқ позицияларини маълум қилишди.

Мазкур таклиф ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» фракцияларининг қўшма йиғилишида муҳокамага қўйилиши кутилмоқда.

Партиялар таклиф этилаётган ўзгартиришларнинг аниқ тафсилотларини очиқламаган ва ҳужжат лойиҳаси ҳали эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 7 декабрида президент Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида асосий қомусга қуйидагича ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди:

  • илгари амал қилиб келган «давлат — жамият — инсон» тамойилини «инсон — жамият — давлат» деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлаш;
  • иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;
  • «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  • Бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш;
  • ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс эттириш;
  • «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини акс эттириш;
  • Конституцияга экологияга оид махсус боблар киритиш. «Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев;
  • Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.

Бундан ташқари, 2022 йил 18 март куни президент тиббиёт ходимлари билан учрашувда тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат зиммасига юклаш, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш учун Констутицияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинганидан буён унга 16 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.