15 май куни Бандихон туманидаги 4-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш «9-Б» синф ўқувчиси Х.И ни калтаклагани акс этган видеолавҳа тарқалди. Вилоят халқ таълим бошқармасининг ишчи гурухи вазиятни ўрганиб, воқеа 27 апрель куни содир бўлганини аниқлади.

Маълум бўлишича, дарс пайтида синф раҳбари Э.Ж дарс хонасига кириб келиб, синф ўқувчиларининг ўзаро жанжалини ижтимоий тармоққа ким тарқатганлигини муҳокама қилган. Ўша вақтда ўқувчи гап қайтаргани учун фан ўқитувчиси жаҳл устида уни калтаклаган. Болалар ҳолатни видеога олиб, 18 кундан сўнг интернетга тарқатиб юборган.

Ушбу масалани туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва туман халқ таълим бўлими масъул ходимлари ўрганиб чиқди.

Воқеа ортидан мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари О.С, ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари Н.А ва инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш ва «9-Б» синф раҳбари Э.Ж билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Вилоят ХТБ раҳбари Сулув Ҳамидованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, видео тарқалгандан сўнг, мактаб директори Х.Б ҳам лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, болаларга параллел «9-А» синфи ўқувчилари ҳам «9-Б» синфдаги айрим ўқувчилар мактабда «Одоб-ахлоқ қоидалари»га риоя қилмаслиги ҳамда тенгдошлари билан турли-хил жанжаллар уюштириб туришини айтган. Вилоят ХТБ раҳбарининг қўшимча қилишича, калтак еган ўқувчининг тарбияси бўйича унинг ота-онаси билан бир неча маротаба профилактик суҳбатлар ҳам ўтказилган.

Айнан ушбу ўқувчиларнинг ота-оналарига фарзандларининг хулқи ва дарсга тайёрланмасдан келиши юзасидан алоҳида кўрсатмалар ҳамда тавсиялар бериб борилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар суруштирув ишлари, шу жумладан, ўқувчи ва унинг айрим синфдошлари безорилиги юзасидан текширувлар олиб борилмоқда.