Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Халқ депутатларининг вилоят кенгашига депутат этиб сайланди. Бу ҳақда вилоят матбуот хизмати хабар бермоқда.

15-май куни Қашқадарёда халқ депутатлари учун бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказилди. 16-май куни вилоят сайлов комиссияси «Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашига депутатларни рўйхатга олиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Азимов Муротжон Бердиалиевич 1976-йил Китоб туманида туғилган. Ўзбекистон Лебирал демократик партияси аъзоси.

2016 йилнинг сентябридан у Ўзбекистон бош прокурорининг биринчи ўринбосари, унгача эса Бухоро вилояти прокурори бўлган. 2018 йилнинг февраль ойидан бошлаб генерал-майор Муротжон Азимов Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланганди.

Ундан сўнг, 2021 йил ноябридан Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб, 2022 йилнинг 22 апрелидан эса ҳоким вазифасига тайинланганди.

Маълумот учун, вилоятнинг аввалги ҳокими бўлган Зоир Мирзаев ҳам халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутати бўлганди.