Ижтимоий тармоқларда Қирғизистоннинг Аксий туманидаги қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларида Марокко чигирткасининг кўпайиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги чигирткаларнинг тарқалиш хавфи борлиги, бироқ зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Вазирликнинг Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё бошқармаси мутахассиси Бахтиёр Муҳаммадевнинг сўзларига кўра, «ҳозирга қадар чигирткаларни бошқариш механизми ҳеч бир давлатда ишлаб чиқилмаган ва бу хабар огоҳликка чақиради».

«Ҳар йилгидек қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларидан Ўзбекистон ҳудудига зарарли чигирткаларнинг учиб ўтиш хавфи мавжуд бўлиб келган. Масалан, жорий йилда Ўзбекистон ҳудудига зарарли чигирткаларнинг 50−60 минг гектар майдонга учиб ўтиш хавфи мавжуд. Шундай ҳолат юзага келганда, барча техника воситалари мобилизация қилиниб, кенг қамровли кимёвий ишловлар ўтказилиб, уларнинг кенг майдонларга тарқалиши хавфини бартараф этиш чоралари кўрилади. Техникалар етарли, моддий ресурслар, кимёвий воситалар захираси мавжуд», — деди у.

Таъкидланишича, 2022 йилнинг апрель-май ойларида ФВВ билан ҳудудларда «Зарарли чигирткаларга қарши курашиш» мавзуида махсус-тактик ўқув машқлари ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилган.

«Зарарли чигирткалар билан кураш бўйича Республикада тизим бор, ҳозирги пайтда давлат бюджетидан таъминланадиган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибидаги Чигирткаларга қарши кураш хизматлари томонидан амалга оширилади», — дейди Муҳаммадев.

Кураш тадбирлари асосан ер устки техника воситалари, хусусан, моторли қўл аппаратлари, ОВХ, ВП-1, ультра кичик-ҳажмли (UMO) пуркагичли авто техника агрегатлари ҳамда мотоделтаплан жалб қилиниб келинмоқда. Мавжуд техникалар билан 1 кунда 10−12 минг гектар майдонда ишловлар ўтказиш мумкин, зарурият юзага келганда ФВВ билан техника сафарбарлиги бўйича ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Қўшимча қилишинича, ҳозирда Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида чигирткаларга қарши кимёвий ишлов ишлари олиб борилмоқда.

12 май кунига қадар 153,8 минг гектар майдон қайта кузатув-назоратдан ўтказилиб, жами 118,6 минг гектар майдонда кимёвий кураш ишлари ўтказилган.

Мутахассиснинг ишонтиришича, республика вилоятлари ва Қорақалпоғистон ҳамда қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларда зарарли чигирткаларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши бўйича кузатув ишлари йўлга қўйилган, жойлардаги вазият назоратга олинган.

Марокко чигирткаси — У шимолий Африка, жанубий ва шарқий Европа ҳамда ғарбий Осиёда учрайди. У ёлғиз турмуш тарзини олиб борса-да, вақти-вақти билан сони кескин ошиб, қишлоқ хўжалиги соҳаларида вайронагарчиликларга олиб келиши мумкин бўлган тўдаларга тўпланади. Чигиртка галасининг узунлиги 200 кмдан, кенглиги еса 10 кмдан ошиши мумкин.