Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни Фарғонага ташрифи чоғида Нурафшон кўчасидаги «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиш объектини бориб кўрди.

300 гектар майдонда 298 та кўп қаватли (7, 12, 16, 18 ва 25 қаватли) уйларни бунёд этиш режалаштирилган. Уларнинг 80 таси жорий йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилади.


«Ўзбекистон 24» телеканали хабарига кўра, қурилишда Корея тажрибаси қўлланилиб, лойиҳага туркиялик мутахассислар ҳам жалб этилган.

На массиве будут построены две общеобразовательные школы, три детских сада

Массивда иккита умумтаълим мактаби ва учта болалар боғчаси («Ўзбекистон 24» репортажида ҳар бири 1650 та ўринга мўлжалланган 6 та мактаб ва ҳар бири 420 ўринли 10 болалар боғчаси ҳақида гап кетган), тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш пунктлари, 4000 ўринли амфитеатр, меҳмонхона, спорт мажмуаси ва масжид қурилади. Бу ерда шунингдек, 50 гектар майдонда кичик саноат зонаси ҳам иш бошлайди, 20 минг нафар аҳоли учун иш ўрни яратилади.


Массив марказидаги 70 гектар майдонда сунъий кўлга эга «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилади. Бу ерга аллақачон 10 минг тупдан ортиқ кўчат экилган. Жами 21 минг туп дарахт экиш режалаштирилган.

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Давронжон Одилов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида яшил майдонларнинг умумий майдони массивнинг 56 фоизини ташкил этишини таъкидлади. «Бу бугунги кунда биз қураётган массивлар ичида энг яшил ва экологик массив ҳисобланади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, саноат зонасида электротехника ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари массивни алоқа тармоқлари билан таъминлаш ва замонавий коммунал хизматларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.


«Ўзбекистон 24» хабарида таъкидланишича, массив ҳудудида шаҳар қурилиш меъёрларидан келиб чиққан ҳолда барча муҳандислик коммуникациялари (сув ва иссиқлик таъминоти, электр тармоқлари ва телефон алоқалари) жойлашган 11 км узунликдаги туннель (биринчи босқичда — 4 км) қурилади, газ тармоқлари бундан мустасно.

Туннель қурилиши коммуникация тармоқларини таъмирлаш харажатларини камайтиришга мўлжалланган, яъни вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Раҳимовнинг таъкидлашича, «асфальтнни қазиб, яшил майдонларга зарар етказиш шарт эмас».


Коммуникация туннелининг устки қисмида велосипед ва пиёдалар йўлаклари ётқизилади.

Дастурда массивнинг пудратчиси ва дизайнери ҳақида хабар берилмаган.

«Янги Ўзбекистон» массивлари шунингдек, Фарғона шаҳри, Ёзёвон ва Фарғона туманларида ҳам пайдо бўлади. Фарғона вилоятида жорий йилда жами 9429 хонадонга мўлжалланган 244 кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Ноябр ойида Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг барча ҳудудларида «Янги Ўзбекистон» турар-жой массивлари қурилишини маълум қилган эди. Беш йил ичида ушбу массивларда 250 мингдан ортиқ хонадон барпо этилиши керак.