Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай, Узун ва Денов тумани бўлимлари томонидан кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Унга кўра, Қибрай туманида 1 млрд сўм, Узун туманида 450 млн сўм ва Деновда 300 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари талон-торож қилган, деб хабар бермоқда департамент.

Қайд этилишича, «I.G.» МЧЖни норасмий бошқариб келган Ш. Ж. «Микрокредитбанк» Тошкент вилояти филиали кредит бўлими бошлиғи Ў.М. билан МЧЖ раҳбари Ш. нинг хабардорлигисиз қалбаки ҳужжатлар асосида ушбу банк филиалидан айланма маблағларни тўлдириш учун 1 млрд сўм кредит ажратилишига эришиб, кредит маблағини талон-торож қилиб, банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганликлари аниқланган.

Шунингдек, «Микрокредитбанк» Узун филиалининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда «A.S.» оилавий корхонаси ва «CH.S.» МЧЖ норасмий раҳбарлари Ё.Э. ва О.Т. лар автосервис хизмати ва мебель ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун банк филиалидан жами 450 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, талон-торож қилганликлари, банк филиали масъул шахслари аслида олиб келинмаган жиҳозларни олиб келинганлиги ҳақида дастлабки мониторинг далолатномаларни тузганлиги оқибатида, кредит маблағлари ўз вақтида қайтарилмасдан банк манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланиб, текширув давомида етказилган зарарнинг 30 млн сўми ундирилиши таъминланган, дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, Департаментнинг Денов туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «A.S.» хусусий корхонаси раҳбари А.Т. «Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш» учун ҳудудий банк филиалидан ажратилган 300 млн сўм имтиёзли кредит маблағи эвазига харид қилинган ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб юбориб, кредит маблағини талон-торож қилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.