1 январь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида бир нечта фуқаролар қўл бола усулда ясалган «ўт ўчиргич» мосламасини жойлаштириб, унинг тагидан олов ёқиб уни портлатганди. Бунинг оқибатида уч нафар фуқаро жиддий жароҳат олган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши ЖИБ Шайхонтоҳур судида кўриб чиқилди. Тафсилотлар Millar кўрсатувида маълум қилинди.

Таъкидланишича, суриштирувлар давомида 8 нафар (тергов жараёнида 13 кишига айблов эълон қилинганди) судланувчи бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, пиротехника буюмларини қонунга ҳилоф равишда тайёрлаш, ташиш ва ундан фойдаланиш жиноятини содир этганлиги аниқланган.

Жабрланувчилардан бири воқеани қўйидагича эсга олди: «Воқеа жойидан 35 метр узоқликда тургандим. Банғиллагандан кейин нимадир оёғимга тегди, ўзим сезганим йўқ. Бегона болалар оёғинг қонаяпти, деб айтди. Одамлар кўтариб касалхонага олиб боришди. „Тўртда бармоқ синган“ деб ташхис қўйишди. Битта бармоғимни олиб ташлашган. Кейинги операцияда пай билан нервларни улашади. 55 кун даволандим. Судланувчилардан бир нафари менга моддий ёрдам кўрсатди. Ҳеч кимдан давом йўқ».


Судланувчилардан бири «чин кўнгилдан пушаймон эканлигини айтиб, узр сўради. Яна бири эса унинг алоқаси йўқлиги, фақат «ўт ўчиргич»ни йўл ўртасига олиб чиқиб қўйиб берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, айбланувчиларнинг барчаси битта маҳаллада яшайди, ака-ука ва бир-бирига қўшни.

Қўлбола усулда «ўт ўчиргич»ни ясаган судланувчи бунга 4−5 кун вақти кетгани ва «пулга муҳтож бўлиб қолганлиги» сабабли шу ишни қилганини таъкидлади. Суд якунида 8 кишига ҳукм ўқилди, уларнинг энг каттаси 25 ёш, энг кичиги эса — 19 ёшда.

Унга кўра, судланувчиларнинг беш нафари Жиноят кодексининг 250−1-моддаси, иккинчи қисми «б», «д» бандларида (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Қолган у нафарига эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш (маълум соатлар ичида уй қамоғи) жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 1 январь куни тунги соат 00.45 ларда пойтахтдаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида бир қанча фуқаро автойўлни ажратиб турувчи тўсиқда қўлбола усулда ясалган «ўт ўчириш» мосламасини портлатганди. Ўшанда тергов доирасида 13 кишига нисбатан айблов эълон қилинганди.