Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Беруний тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқлангани маълум қилинди.

«Б.А.» МЧЖнинг автомобиль ҳайдашни ўргатувчи ходими фуқаро З.Н. ва унинг 3 нафар танишига ўқув жараёнларига умуман қатнаштирмасдан, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб беришини ваъда қилганлиги айтилмоқда.

У имтиҳон жараёнидан танишлари орқали ўтказиб қўйишига ишонтирган. Бунинг эвазига 800 АҚШ доллари ва 16 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.