Ҳафта ўртасида республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Бугун, 16 май куни республика бўйича ҳаво кам булутли ва қуруқ бўлади. Кундуз куни ҳаво +27…+30 даража атрофида бўлади. Бу май ойи ўрталари учун бўлган меъёрий қийматларга тенг.

17 май куни республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат шимолий ҳудудларга нам булутли массивлар кириб келиши кутилмоқда, уларнинг ўтишида Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, дейилади хабарда.

18 майда нам ҳаво массасининг шарққа қараб ҳаракатланишни бошлайди. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида кундуз куни баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади ва момақалдироқ бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

19 май — пайшанба куни фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғиши сақланиб туради, қолган ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди. 20 майда республика бўйича қуруқ ва илиқ бўлади.

Ушбу ҳафтада ҳаво ҳарорати +25…+30 даража атрофида, баъзи жойларда +32 даражагача бўлади.

18−19 май кунлари тоғларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Уш ҳафтанинг қолган кунларида фақат айрим тоғли ҳудудларда маҳаллий хусусиятга эга бўлган ёмғирлар кузатилиши мумкин.