16 май куни Тошкент шаҳрида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти матбуот хизмати хабар берди.

Унинг доирасида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сўзга чиқиб, дунёда вазият шиддат билан ўзгариб бораётгани ва кечаги ўлчамлар бугунги кунга тўғри келмаётганини таъкидлади.

Унинг таъкидлашича, аввалги ёндашувлар самарасизлиги аён бўлмоқда, халқаро зиддиятлар эса кескинлашмоқда.

«Натижада, инсоният илгари тасаввур қилиб бўлмаган ва ўз ҳаракат қамрови ва кўламига биноан трансмиллий тинчлик ва барқарорликка янги ҳавф-хатарлар билан юзма-юз бўлдилар. Уларга қарши самарали кураш учун, биринчи навбатда, янгиланган ички сиёсат — демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, муносиб таълим олиш учун имконият яратиш зарур», — деди у.

Хорижий ҳамкорлар билан мулоқот учун тизимли платформа яратиш муҳим ва мазкур ўз ишини бошлаган форум айнан шу мақсадга қаратилгани айтилди.


«Чунки бугунги кунда башарият юзланишаятган кескин зиддиятларни ечиш, биринчи навбатда дунёдаги асосий муаммо — ўзаро ишонч дефицити, маданият ва цивилизациялар ўртасида ўзаро тушиниш танқислигини бартараф этиш билан боғлиқдир», — деди сенатор.

Унинг сўзларига кўра, шак-шубҳа йўқки, ҳозирги замондаги низолар, халқаро терроризм, экстремизм ва зўравонликнинг тубида, энг аввало, жаҳолат ва адоват, иррационал, олдинги даврлардан мерос қолган, дунёқараш ётибди. Уларга қарши кураш, биринчи навбатда, маънавият, маърифат, талим, мулоқот эвазига олиб борилмоғи лозим.

«Яна ва яна такрорлашдан тоймаслигимиз лозим — терроризм, тажовузкор экстремизмни муайян бир дин билан боғлаш зинҳор ва зинҳор мумкин эмас. Тадқиқотлар шуни англатадики, диний эътиқод радикал оқимларга қўшилишнинг асосий омили эмас. Динлар, маданиятлараро бағрикенглик ва уйғунликни қарор топтириш, ўрнашиб қолган стереотиплар ва янглиш фикрларга қарши курашиш — умумий вазифамиздир», — деди Содиқ Сафоев.

Сенаторнинг таъкидлашича, бугунги тобора глобаллашаётган дунёда ҳеч бир муаммо алоҳида давлат томонидан ечила олмайди.

«Барчамизни безовта қилаётган таҳдидлар халқаро, кўп томонлама, уюшган ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилади», — деди у.