Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрига етиб келди

Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига етиб келди. Ўзбекистон президенти мазкур ташриф давомида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этади.

Шахмат: Нодирбек Абдусатторов жаҳон чемпионини мағлуб этди

Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов рапид бўйича жаҳон чемпионатининг 10-турида жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлуб этди. Россиялик Владимир Федосеев ва ҳиндистонлик Гукеш Доммараджуга қарши кечган ўйинларда эса дуранг қайд этди. Шунга қарамасдан у турнир етакчилигини сақлаб турибди. Бунгача у рейтингнинг юқори ўнталигидаги икки нафар шахматчидан устун келганди.

Кўчмас мулк бозорида шартномалар сони ошди

Ноябрда Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 22,5 мингта шартнома тузилди, бу бир ой олдингига нисбатан 4 фоизга, ўтган йилнинг ноябрига нисбатан эса 14,4 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, ИТИМ ҳисоб-китобларига кўра, ипотека асосида уй-жой сотиб олиш имкониятига эга бўлган аҳоли улуши 26 фоизни ташкил этади.

Президентнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотига 4500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди

ССВ Ўзбекистон президентининг яқин кунларда ўтказилиши режалаштирилган олимлар, шифокорлар, фармацевтлар, ҳамширалар ва тизим ходимлари билан очиқ мулоқоти учун 4500 дан зиёд мурожаат келиб тушганини маълум қилди. Савол ва таклифларнинг энг кўпи соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинига тааллуқли.

100 кишида коронавирус аниқланди — бу 15 мартдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич

Душанба куни 100 кишида коронавирус инфекцияси аниқланди, дея хабар қилди ССВ. Бу сўнгги 9 ойдаги энг паст кўрсаткич. Энг кўп ҳолат август ойида қайд этилган эди — 974 киши.

Ўзбекистонликлар тўла автобус Қозоғистонда ЙТҲга учради

Ичида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус Қозоғистон трассасида Mercedes-Benz енгил автомашинаси устига ағдарилди. Енгил автомашинадаги 3 нафар йўловчи ҳалок бўлган, автобус йўловчиларига жиддий шикаст етмаган.

Хорижий валюталарни айирбошловчи банкоматлар январь охиригача иш бошлайди

Uzcard банкоматларнинг сентябрдан бери ишламаётган доллар айирбошлаш функциясини январь ойи охиригача тиклашни режалаштирмоқда.

Жанубий Корея Ўзбекистон ФВВга автомобиль ва махсус техника жўнатди

Корея Республикаси Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эҳтиёжлари учун саккизта ўт ўчириш автомобили, шунингдек, ҳимоя воситалари ва жиҳозларини юборди. Бундан ташқари, Жанубий Корея томони билан Тошкент вилоятида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқув мажмуасини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Uzcard ва Humo карталаридан пул ечиб олувчи терминал намойиш этилди

Битта терминалда ҳам Uzcard, ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатиш имконияти пайдо бўлди. Uzcard ва Humo тўлов тизимлари ўзаро интеграциялашувнинг биринчи босқичини тамомлади. Иккинчи босқичда касса терминаллари ҳам умумий бўлади.

Яккасаройда 81 туп ноқонуний кесилган дарахт учун тўланган жарима Экоқўмитага ўтказиб берилди

Яккасарой туманида 81 туп дарахт кесилгани учун қурувчидан 1 млрд 890 млн сўм ундирилган эди. Депутат Расул Кушербаев департамент бу пулларни Экоқўмитага ўтказмаётгани ҳақида пост қолдириб, бироз вақтдан сўнг уни ўчириб ташлаганди. 28 декабрь куни Тошкент шаҳар экология ва атроф — муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси жарима пули Экоқўмитага ўтказилганини маълум қилди.

Тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш тўлови 5 баробарга камайтирилади

Тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш тўлови миқдори БҲМнинг 20 фоизи (54 минг сўм) этиб белгиланди. Илгари бунинг учун БҲМнинг 1 бараварини (270 минг сўм) тўлаш керак эди. Шунингдек, тадбиркорликни қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилган кундан 5 иш куни ичида бож тўламасдан қайта мурожаат қилиниши мумкин. Бошқа лицензияларни олиш ҳам соддалаштирилди.

Ўзбекистон терма жамоаси собиқ футболчиси Николай Ширшов вафот этди

Ўзбекистон терма жамоа ва Тошкентнинг «Пахтакор» клуби собиқ аъзоси Николай Ширшов 47 ёшида вафот этди. У терма жамоа сафида 63 та ўйин ўтказиб, 13 та голга муаллифлик қилган.

Ўзбекистонликларни АҚШга ноқонуний жўнатишга ваъда қилган шахслар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари икки самарқандликка АҚШга юборишга ваъда бериб, ҳар биридан 30 минг доллардан талаб қилган шахсларни қўлга олди.

Ўзбекистонга олиб кирилган 3,7 кг гиёҳванд моддалари мусодара қилинди

ДХХ ҳудудий бошқармалари Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Наманган вилоятларида 3 кг 757 граммлик гиёҳванд моддаларини мусодара қилди. Гиёҳванд моддалари Тожикистон ва Қирғизистондан олиб кирилган.

Чуст ҳокимлигининг хизмат машиналари жарима майдончасига қўйилди

Чуст туман ҳокимлигининг учта автомобили ОАВдаги мақолалардан сўнг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар тўпланиб қолгани сабабли жарима майдончасига қўйилди. Жами 42 та баённома тузилган бўлиб, жарималарнинг умумий қиймати 20,7 млн сўмни ташкил этади. Айрим қоидабузарликлар 2018 йилда содир этилган.

«Газета.uz»да чиққан фотоматериаллар:

Amirsoy тоғ-чанғи курортида Express янги дор йўли ишга туширилди

Amirsoy тоғ-чанғи курортига элтувчи Amirsoy Express янги дор йўли фойдаланишга топширилди. 10 кишилик 74 та гондола тахминан 10 дақиқа ичида автомобиль йўлидан дам олиш масканига олиб чиқади. Фото, видео ва нархлар.