2020 йилнинг февраль ойида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги 81 туп дарахт кесилгани учун қурувчидан ундирилган қарийб 2 млрд сўм Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилди. Бу ҳақда пойтахт Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Юнус Ражабий маҳалласидаги кўп қаватли уйлар оралиғида 81 туп дарахтлар ноқонуний кесилганлиги юзасидан хуқуқбузар BULDING AND SUPLIES МЧЖ томонидан етказилган моддий зарар жами 1 891 263 000 сўм маблағ айни дамда ушбу маблағ Ўзбекистон Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Building And Supplies компанияси пойтахтнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг қарори доирасида Юнус Ражабий кўчасидаги кўп қаватли уйлар орасида 0,5 гектар майдонда кўп қаватли турар жой қуришни режалаштирган эди. Бунинг учун қурувчи дарахт кесишга мораторий эълон қилинганига қарамасдан, 81 туп дарахтни кесиб ташлагани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлганди.

Шундан сўнг пойтахт прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан 1 млрд 891,3 млн сўм миқдорида жарима тайинланди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ва прокурорга ҳайфсан берилди.

Бироқ орадан бир ярим йилдан зиёдроқ вақт ўтса ҳам, ундирилган маблағлар Экология қўмитаси ҳисобига ўтказиб берилмади. Мазкур масалага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев эътибор қаратди. У Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига жиноят иши натижаларига аниқлик киритиш мақсадида расмий сўровлар юборгани, унга жавобан Экология давлат қўмитаси Тошкент прокуратурасидан маблағлар тушмагани, улар ҳалигача департамент депозит ҳисоб рақамида эканлигини маълум қилди. Қўмита ушбу маълумотни «Газета.uz»га ҳам тасдиқлаганди.

Кейинроқ Бош прокуратура Тошкентда кесиб ташланган дарахтлар учун тўланган 1,8 млрд сўм миқдоридаги жарима пули Экология қўмитасига ўтказиб берилмаётгани бўйича изоҳ бериб, бунга дастлабки тергов тўхтатиб қўйилганини сабаб қилиб кўрсатди. Айни дамда тергов жараёни қайта тикланган.