Вазирлар Маҳкамаси 27 декбарь куни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатларга ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳужжат Lex.uz маълумотлар базасида эълон қилинди.

Ўзгартиришларга кўра, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш арзонлаштирилади. Илгари рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасини олишда йиғим БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм) бўлса, эндиликда БҲМнинг 20 фоизи (54 минг сўм) миқдорида белгиланди. Тадбиркорликни қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилган кундан 5 иш куни ичида қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи тўламасдан мурожаат қилиниши мумкин.

Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза топширилганда йиғим 10 фоизга — 48 600 сўмгача камайтирилади.

Бундан ташқари, юридик консалтинг фирмаларини рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилди. Адлия органлари рўйхатдан ўтган фирма томонидан тақдим этилган маслаҳатчилар тўғрисидаги ҳужжатларни уч кунда эмас бир кунда кўриб чиқиши керак.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олиш осонроқ бўлади — ариза 10 иш куни (илгари 20 иш куни) ичида кўриб чиқилади, лицензия дубликатини бериш учун 2 иш куни (илгари 3 иш куни) давом этади.

Бундан ташқари, бир қатор хизматларни олишда юридик шахснинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси талаб қилинмайди.

Бир қатор давлат хизматларини кўрсатиш регламентларига ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатга олинган шахслар давлат божи ва йиғимларини 50 фоизлик чегирма билан тўлаши мумкинлиги бўйича қоида ҳам қўшилди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Адлия вазирлиги тадбиркорлар учун ягона ҳуқуқий манба — Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.