Давлат хавфсизлик хизматининг худудий бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Наманган вилоятларида гиёҳванд моддалар мусодара қилинди, деб хабар беради ЎзА.

ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Самарқанд-Беруний» йўналишида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашина Хоразм вилоятидаги «Саримой» йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Унда йўловчи сифатида кетаётган тўрткўллик фуқаронинг (1981 й.т.) ёнида 1 кг «героин» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, мазкур гиёҳванд модда тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган.

Шунингдек, Сирдарё вилоятида ДХХ бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан Ховос туманида яшовчи, 2000 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро «ўзбек-тожик» давлат чегараси ҳудудида тўхтатилиб, текширилганда, уларнинг ёнида 1 кг 815 грамм «гашиш» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган. Гиёҳванд моддалар тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Аниқланишича, улар қўшни давлат ҳудудига ноқонуний ўтиб, тожикистонлик танишларидан наркотик моддани олиб, Ўзбекистонга қайтишган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотикнинг буюртмачиси (1985 й.т.) шахс ҳам қўлга олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг вилоят божхона бошқармаси билан ўтказган тезкор тадбирида эса «Андижон-Наманган» йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Уйчи туманида яшовчи фуқаро (1979 й.т.) бошқарувидаги «Нексия» русумли автомашина «Норин» йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилган.

Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида 942 грамм «гашиш» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилди. Аниқланишича, ушбу «гашиш» моддаси қирғизистонлик наркокуръерлар томонидан Андижон вилоятига олиб ўтилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.