27 декабрь куни Uzcard ва Humo тўлов тизимлари иккала тизим карталарига хизмат кўрсатувчи терминал тақдимотини ўтказди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Шундай қилиб, Uzcard ва Humo тўлов тизимлари жорий йилдаги ўзаро интеграциялашувнинг биринчи босқичини якунлади.

«Яқин келажакда кассир томонидан ҳар бир карта учун турли терминалларнинг таклиф қилиниши шарт бўлмайди — савдо ва хизмат нуқталари иккала тўлов тизимига хизмат кўрсатадиган битта аппаратга эга бўлади. Илгари терминалларда чекловлар мавжуд бўлган бўлса, эндиликда битта терминалда ҳам Uzcard, ҳам Humo карталарига хизмат кўрсатиш мумкин бўлади», — дейилади хабарда.

Терминал ҳар иккала турдаги карталарни қабул қилишни бошлаши учун уни янгилаш керак. Яқин вақт ичида банкларга бундай янгилашни амалга ошириш учун зарур кўрсатмалар берилади, — дея қайд этди Марказий банк.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Uzcard ва Humo тўлов тизимлари ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаганди. Унга кўра, иккала тўлов тизимларининг терминаллари йил охиригача ҳар икки турдаги карталарни ҳам қабул қилишни бошлайди.

Интеграция меморандуми доирасида иккала тўлов тизимлари карта эгалари, банклар, тўлов ташкилотлари ва чакана савдо шохобчаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш, технологияларни такомиллаштириш ва нақд пульсиз ҳисоб-китобларни рағбатлантириш инфратузилмасини кенгайтириш, тўлов инфратузилмасининг ишончлилиги ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш йўналишларида ҳамкорликни давом эттиради.