Якшанба куни Тошкент вилоятида жойлашган Amirsoy тоғ-чанғи курортига олиб чиқувчи Amirsoy Express янги дор йўли ишга туширилди. Очилиш маросимида бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам қатнашди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Amirsoy Express ташриф буюрувчиларни автомобиль йўлидан тўғридан-тўғри курорт ҳудудига етказиб қўяди, бу эса узоқ масофали тоғ йўлини четлаб ўтиб, ҳайдовчилар учун 5 кмга қисқартиради", — дейилади Туризм ва спорт вазирлиги хабарида. Автомобилларни эса бепул автотураргоҳда қолдириш мумкин.


Дор йўли аввалгиси каби Австрия-Швейцария компанияси (Doppelmayr/Garaventa) томонидан бунёд этилган бўлиб, 10 кишилик сиғимга эга 74 та гондоладан иборат (аввалроқ очилган гондолалар 8 кишига мўлжалланганди).

Йўлнинг умумий узунлиги — 2913 метр бўлиб, соатига — 2400 кишини ташиш қувватига эга. Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, дор йўли суткасига 20 минг ва йилига 6 млн сайёҳларга хизмат кўрсатиши мумкин. Саёҳат вақти 9 дақиқани ташкил этиши (очилиш куни гондола тахминан 12 дақиқада курортга олиб чиққани) қайд этилди. Пастки станциянинг денгиз сатҳидан баландлиги — 1380 метр ва юқоридаги станция баландлиги — 1676 метрни ташкил этади.


«Дам олиш масканларимизда бундай хизматларнинг жорий этилиши Ўзбекистонда туризм мавсумийлиги тушунчасининг йўқолишига олиб келади, яъни туристлар мавсумдан қатъий назар мамлакатимизга саёҳат қилиши мумкин бўлади», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, объект 7 ярим ойда, 1 майдан бошлаб қуриб битказилган. Хорижий инвестор мазкур лойиҳага жами 15,2 млн евро маблағ киритди.

Азиз Абдуҳакимов (марказда).

Amirsoy Express чипталари нархи иш кунларида катталарнинг (14−55 ёш) икки томонлама саёҳати учун 60 минг (дам олиш ва байрам кунлари — 70 минг) сўмни, бир томонга эса — 40 минг (50 минг) сўмни ташкил қилади.

Иккинчи дор йўли орқали 2290 метрга чиқиш нархи 70 минг (80 минг) сўмга тенг. Ҳар икки дор йўлида ҳаракатланиш учун дор йўли 120 минг (140 минг) сўм туради. 4−14 ёшли болалар ва 56 ёшдан катталар учун 50 фоизлик чегирмалар мавжуд.


Шу куни дам олиш масканининг энг юқори нуқтасида «2290» ресторан мажмуаси очилди. Унинг номи у жойлашган баландликни акс эттиради.

Яқин кунларда бу ерда Norway Park`дан турли хил мураккабликдаги 4 та трасса — болалар, оилавий, спорт, мураккабарқонни ўз ичига олган шаҳарчаси ишга туширилади. Қолаверса, 70×41 метрда жойлашган Amirsoy муз майдончаси иш бошлайди.


Amirsoy тоғ-чанғи курортидаги қутқарувчилар гуруҳи.

Видео