27 декабрь куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эҳтиёжлари учун саккиз дона махсус ёнғинга қарши автомобиль ва тиббий жиҳозлар, шунингдек, ҳимоя воситалари ва жиҳозларини топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Маросимда Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси, Корея Республикаси Миллий ёнғин хавфсизлиги хизмати, Корея-Ўзбекистон бизнес уюшмаси ва Корея ёнғин хавфсизлиги ассоциацияси вакиллари иштирок этди.

Ускуналарни 2022 йил бошида Ўзбекистонга етказиб бериш режалаштирилган. Шунингдек, Жанубий Корея томони Ўзбекистон ҳудудида ҳам, Жанубий Кореяда ҳам ушбу ускуналардан фойдаланиш бўйича ўқув курсларини ташкил этишни режалаштирмоқда.

Тадбир давомида томонлар икки давлат ўртасида ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий динамикани қайд этдилар. Хусусан, Ўзбекистон ФВВ Ёнғин хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар илмий-тадқиқот институти билан Корея ёнғин хавфсизлиги институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, мунтазам тажриба алмашиш мақсадида идоралараро ҳамкорликнинг бевосита алоқалари йўлга қўйилди.

Айни пайтда Жанубий Корея томони билан Тошкент вилоятида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқув мажмуасини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, жумладан, Ўзбекистон ФВВ мутахассисларини Жанубий Кореядаги ёнғинга қарши тайёргарлик бўйича таълим муассасаларида тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш режалаштирилган.