Иқтисодиёт соҳасида ишлаётганлар ОТМларга суҳбат асосида қабул қилиниши мумкин

Иқтисодиёт тармоғида 5 йил иш стажига эга фуқаролар суҳбат асосида ОТМларга ўқишга қабул қилиниши тўғрисидаги низом тасдиқланди. Талабгорлар вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари томонидан берилган тавсияномалар асосида суҳбатга киритилади.

Фарғонадаги меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи қолмади ва муассасалар фаолияти тўхтатилди

Фарғона вилоятидаги меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи қолмади ва муассасалар фаолияти тўхтатилди. Данғара туманида яшовчи Бердиевлар оиласи 6 нафар тарбияланувчини асраб олиб, «Болалар бахти» номли оилавий болалар уйини ташкил қилди. Шунингдек, Қўқон шаҳрининг Ўзбекистон ва Тошлоқ туманларида ҳам оилавий меҳрибонлик уйлари ташкил этилган. Муассасанинг 80 нафар собиқ ишчи-ходимлари мутахассислиги бўйича яшаш манзилларига яқин бўлган жойларда иш билан таъминланмоқда.

ДХХ террористик ташкилот тарафдори сифатида айбланган шахсни Ўзбекистонга олиб келди

ДХХ томонидан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти таъсирига тушиб қолган шахс Ўзбекистонга олиб келинди. У Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида қўшни давлатларнинг бирига ўтганида қўлга олингани айтилмоқда.

Якшанба куни 349 киши нафас сиқиши муаммоси билан мурожаат қилган — ССВ

7 ноябрь куни республика бўйлаб 3768 киши «Тез ёрдам» хизматига мурожаат қилган. Шундан 349 таси чанг-қумли бўрон натижасида нафас етишмовчилиги билан боғлиқ чақириқ бўлган.

Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори нормал кўрсаткичга қайтди

8 ноябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳавонинг чанг билан ифлосланиши рухсат этилган максимал қийматдан ошмади, деб хабар берди «Ўзгидромет».

Нурафшонда 34,4 млрд сўмга ёдгорлик мажмуаси ва кутубхона қурилади

Нурафшонда Зулфия Зокирова ёдгорлик мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш, шунингдек, кутубхона қуриш учун 34,4 млрд сўм (3,2 млн доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилди. Лойиҳа Қаршидаги «Qashqadaryo Maks Servis Qurilish корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Ҳокимлик харажатлар юзасидан изоҳ берди.

Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди (янгиланди)

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов соғлиги даволаниш талаб этилганлиги сабабли, ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилди. Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган Нормат Турсунов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Ўзбекистон ва Австрия ТИВлари ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Австриянинг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэл Линхарт билан учрашди. Музокараларда 2022−2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ташкил этилади

Президент қарори билан Олимпия захиралари коллежлари негизида Олимпия ва паралимпия захиралари коллежлари ташкил этилади. Ундаги контингент фақат олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича шакллантирилади. Қолаверса, 3 йиллик «специалитет» дастурни амалга оширадиган Олий спорт маҳорати институти ҳам очилади.

Ўзбекистон ҳудудларидаги маҳаллаларда 1164 та спорт майдончаси қурилади

2021−2025 йиллар давомида бутун мамлакатда бадминтон, стритбол ва «Workоut» спорт турлари бўйича 1164 та спорт майдончаси қурилади. Ҳар йили ушбу спорт турлари ҳамда юриш, югуриш ва мини-футбол бўйича 18 та мусобақа ўтказиш режалаштирилмоқда. Қарордаги дастур ва параметрлар тўлиқ бажарилгунга қадар бюджетдан ҳар йили 104 млрд сўмдан ажратилади.

Magic City қўриқчилари ва шар сотувчи шахслар ўртасида жанжал содир бўлди

Magic City мажмуаси қўриқчилари ҳамда газ тўлдирилган шарларни сотувчи шахслар ўртасида можаро содир бўлди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши доирасида 4 нафар гумонланувчи ушланган, қолганларини ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Энди ҳоким кенгаш раҳбари бўлмайди — президент

Президент халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилаб берувчи қонунчилик базасини яратиш вақти келганини айтди. Унга кўра, «энди кенгаш раҳбари ижроия органи раҳбари бўла олмайди».

Навоийдаги ЙТҲда вафот этган 3 нафар банк ходими дам олиш куни ишга жалб қилингани айтилмоқда

Навоий вилоятидаги ЙТҲда ҳалок бўлган 3 нафар банк ходими «юқори турувчи раҳбарлар берган топшириқларни бажариш учун дам олиш куни ишга жалб қилингани» айтилмоқда. Меҳнат вазирлиги ҳолатни ўрганишни бошлади.

Айдар-Арнасой кўлидан балиқ овлаш ҳажми йилига 20 минг тоннага оширилади — президент

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Айдар-Арнасой ҳудудида экотуризмни ривожлантириш учун, аввало, сув ҳажми барқарорлигини таъминлаш, биохилма-хилликни асраш кераклиги таъкидланди. Кўллар атрофида қўшимча сайёҳлик зоналари ва дам олиш масканлари барпо этиш, балиқ овлаш ҳажмини 4 минг тоннадан 20 минг тоннага етказиш ва қирғоқлар бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экиш топширилди.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Балки, етар энди?

Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларини чанг-тўзонли туман қоплади. Бундай пайтда очиқ ҳавода бўлиш соғлиқ учун хатарлидир. Айни пайтда мамлакатдаги дарахтлар ва яшил боғлар, далалар, кўл ва дарёлар нажот сўраб илтижо қилмоқда. Агар уларнинг гапиришга забони бўлганида, бизга нима деган бўлишарди? Ботир Қобилов рукнида шу ҳақда ҳикоя қилинади.

«Келишилмаган харакатлар». Ижтимоий тармоқларнинг блокланиши бошқа кўплаб саволларни келтириб чиқарди

«Ўзкомназорат» қонунда белгиланган талабни бажарди, шунга қарамасдан, регулятор раҳбари ишдан бўшатилди, қонунбузарлар рўйхатидан эса барча ижтимоий тармоқлар ҳам чиқариб ташлангани йўқ. Мисол учун, «ВКонтакте», Twitter, WeChat, TikTok ва Skype ҳануз қора рўйхатда. «Келишилмаган ҳаракатлар» ортидан ижтимоий тармоқларнинг блокланиши ва жавобсиз қолаётган саволлар ҳақида мутахассислар фикри.