8 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонга амалий ташриф билан келган Австриянинг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэл Линхарт билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.

Учрашувда сўнгги йилларда томонларнинг конструктив ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга интилиши натижасида эришилаётган ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди, дейилади баёнотда.

Музокаралар чоғида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Австрия Европа ва ташқи ишлар федерал вазирлиги ўртасида 2022−2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Томонлар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Шунингдек, Афғонистонда юзага келаётган вазият, унинг минтақавий ва халқаро барқарорликка таъсири юзасидан фикр алмашилди.