Бизнинг қадрли хўжайинларимиз — ўзбекистонликлар, балки етар?

Шаҳар ва қишлоқларни қоплаган ўтиб бўлмайдиган чанг-қумли туман ниҳоят бизни ўлдиришни тўхтатишингиз учун етарлидир?

Балки энди ўзингизни кўчангиз, ҳовлингиз, шаҳрингиздаги дарахтларнинг ўлдирилишига бефарқ қилиб кўрсатишни бас қиларсиз?

Биз муайян одамлар ёки ташкилотларга мурожаат қилмаяпмиз, биз ҳар қайсингизга мурожаат қиляпмиз.

Ортингизда гуллаб-яшнаган далалар, серсув водийлар, ям-яшил сайлгоҳлар ўрнига чанг босган чўл ва чуқурлар, кўллар, боғлар ва ўрмонлар ўрнига жонсиз бетон — ўлим манзарасини қолдириб, ўз халоскорларингиз — дарахтларни кесар экансиз, нега ўзингизни севмайсиз, нега ўз ватанингиз, фарзандларингиз, шаҳрингизни севмайсиз? Нега Ердаги барча тирик жоннинг қон ришталари ҳақида унутдингиз? Нега бугунги кунингиз ва келажагингизга бефарқсиз?

Давлатимиз байроғида яшил ранг порлайди. Пойтахтимиз — Тошкент — гербида эса нигоҳимиз тириклик ва тўкинлик рамзи бўлган сершох дарахтга тушади. Нега энди амалда ҳаёт ниҳоллари илдизига болта уряпсиз?

Биз — ўша яшил рангнинг вакилларимиз. Биз — шу муборак табиатнинг тимсолимиз. Биз — дарахтлар, боғлар ва далалар, табиат ва шаҳар сайлгоҳлари — бу мамлакатда кўпчилигингиздан кўра кўпроқ яшаганмиз, аксариятингиздан ёшимиз улуғроқ ва сиздан кўра кўпроқ нарсаларга гувоҳ бўлганмиз. Кўп авлодлар, даврлар ва ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдик. Бу бизнинг ҳам еримиз ва бизнинг ҳам яшашга ҳаққимиз бор.

Бизни эшитиб бўлмайди, чунки бизда лоббистлар йўқ. Бизни суиқасддан ҳимоя қиладиган даражада қудратли яшил лобби йўқ. Бизни ўлдираётган фақатгина арранинг ўткир тиғи эмас, қотилликнинг энг асосий қуроли — бу кўпчилик одамларнинг сукут сақлашидир.

Бизнинг тақдиримиз осон кечмаган

Бундан роппа-роса 12 йил муқаддам, 2009 йилнинг ноябрь ойида «геноцид» оқибатида — куппа-кундузи, пойтахтингизнинг бош майдонида — кўплаб кексаларимиз ҳалок бўлишди. Ўшанда содир этилган бутун бошли фожеани англаб етдингизми? Бу Адлия вазирлиги — қонунлар ижросини назорат қилувчи орган биносининг рўпарасида содир бўлди. Шаҳар аҳолиси ҳам, ўткинчилар ҳам — барча бу ноқонуний ҳаракатнинг гувоҳи бўлди ва ўзлари учун бир умрлик «сабоқ» олишди.


Амир Темур майдони, 2008 йил июль ва 2009 йил ноябрь. Манба: Google Earth.

Бир неча йил аввал пойтахтингиз марказидаги тарихий Миллий боғни хусусий қўлларга топширдингиз, улар келишди, бизни кесиб ташлашди ва кўл ўрнига бетон ётқизишди. Бугунга келиб қонун чиқарувчи энг олий орган — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси — биносидан унча узоқ бўлмаган иккинчи кўл ҳудуди ҳам қуриб битди.


Миллий боғ, 2017 йил август ва 2021 йил апрель. Манба: Google Earth.

Маълум бўлишича, иккинчи кўл ҳудудида миллий академик театрнинг янги биноси қурилиши режалаштирилмоқда.

Аммо кўл — бу экотизим, бу — барча рангларида акс этган ҳаёт. Бир вақтлардаги табиий кўл ўрнида тикланган фавворали бетон ҳовуз эса унинг қабри устидаги жонсиз қўғирчоқ, холос.

Биз, Ўзбекистон дарахтлари, сайлгоҳлари ва кўллари, ушбу янги театрда қўйиладиган илк спектакль «Ўзбекистондаги сайлгоҳлар, дарахтлар ва кўлларнинг геноциди ҳақида» бўлишини таклиф қиламиз.

Нима хоҳлайсиз?

Тижорийлаштириш ва ёрқин ташқи кўриниш илинжида Тошкентни Дубайга ўхшатишни хоҳлаяпсизми? Ҳа, Дубай саҳро устида қурилган. Лекин, ҳарҳолда, ям-яшил Тошкентни даставвал жонсиз чўлга, шундан кейингина Дубайга айлантирмоқчи эмасдирсиз? Чўл сизни ҳам, бизни ҳам ўз бағрига олиб бўлди ва энди қўйиб юбормайди.

Биз камчиликмиз ва уддалай олмаяпмиз. Мамлакатимиз ҳавоси инсон саломатлиги учун тобора хавфли бўлиб бормоқда. Аллергия, астма, ўпка сили эпидемияси — шуни хоҳлаганмидингиз?

Биз, дарахтлар, бебаҳомиз:

• биз ҳаводан саломатлик учун сезиларли хавф туғдирадиган зарарли моддаларни йўқотиб, уни янада тоза ва фойдалироқ қиламиз;

• биз — кўплаб бетон қопламалар натижасида юзага келган иссиқлик «ороллари» билан курашишнинг энг яхши воситасимиз;

• биз ҳайдовчи ва пиёдаларни тинчлантирамиз, уларга соя ва салқинлик туҳфа қиламиз;

• биз, дарахтлар, кўчмас мулк қийматини оширамиз. Агар уйингиз қимматроқ баҳоланишини истасангиз, дарахт экинг ва парвариш қилинг;

• соямиз билан салқинлик берамиз, шу орқали, айниқса ёзда, электр тўловларидан пулингизни тежаймиз;

• биз мактаб ўқувчиларининг муваффақиятини оширамиз, чунки улар синф ойнасидан дарахтларга тикилганларида, кўзлари дам олади ва мияда ёқимли ҳис-туйғулар пайдо бўлади;

• касалхонадаги беморлар деразадан бизга назар ташлаганларида, уларга куч ва яшаш истагини туҳфа этамиз.

Биз нима хоҳлаймиз?

Биз имтиёзлар ва преференциялар сўрамаймиз. Сиз уларни мебел ишлаб чиқарувчилар, цемент ишлаб чиқарувчилар, автомобиль ишлаб чиқарувчилар, туризм, тўқимачилик, маиший техника ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар ва ҳаттоки таълим соҳаларига бериб бўлгансиз.

Бунинг устига, бизга сизнинг ваъдаларингиз керак эмас. Биз сиздан фақат қонун устуворлигини таъминлашингизни сўраймиз, яшаш ҳуқуқи ва қонуний ҳуқуқимиз ҳимоясини сўраймиз.

Мамлакатимиз Бош қомусининг 55-моддасига риоя қилинг. Зеро унда шундай дейилади:

«Ер, ер ости бойликлари, сувлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар миллий бойлик бўлиб, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва давлат муҳофазасидадир».

Фуқаролардан ўз мамлакати Конституциясига риоя қилишни сўраймиз, зеро унинг 50-моддасида шундай дейилган:

«Фуқаролар табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар».

Биз фақат бир нарсани сўраймиз: бизни ўлдирмаслигингизни. Жиноятни яшириш учун кечалари ёки куппа-кундузи рухсатнома қоғозини мағрур силкитганча.

Бизни «қимматбаҳо навлар» ва «қиммат эмас» деб ажратманг. Сизни тирик сақлашга ҳаммамиз бирдек ҳаракат қиламиз.

Ўз соғлиғингизга, ўз фаровонлигингизга бефарқ бўлмасангиз, ҳовлингиз, маҳаллангиз ёки майдонингизда кимдир дарахт кесаётганида, бу сизни ишингиз эмасдек, бепарво ўтиб кетманг. Сиз сайр қилган яшил сайлгоҳ дарвозаси бирдан ёпиб қўйилса ва йиллар давомида ёпиқлигича қолса, бепарво ўтиб кетманг, нима бўлаётганини сўранг. Эҳтимол, унинг сизга керак ёки керак эмаслигини сўрашни унутган бўлишлари мумкин. Уларга бу сизга кераклигини айтинг. Қотилликка чек қўйинг.

Сизнинг дарахтларингиз, боғларингиз ва кўлларингиз