Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан Қобул Бекназарович Турсунов Навоий вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди. У ҳоким сифатида 2016 йилдан бери ишлаб келаётган эди.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов соғлиги даволаниш талаб этилганлиги сабабли, ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилди, дея аниқлик киритди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, яна бир фармон билан унинг ўрнига, Нормат Тулкунович Турсунов Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

У 2018 йилдан бери Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Нормат Турсунов 2015 йилдан 2017 йилга қадар Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган, шунингдек 2017−2018 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида ишлаган.

Аввалроқ, «Газета.uz» Навоий вилояти ҳокими сифатида 2016 йилдан бери ишлаб келаётган Қобул Турсунов ишдан олиниши ҳамда унинг ўрнини Нормат Турсунов эгаллаши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларига ҳамда Марказий банк раисининг биринчи ўринбосарига ҳайфсан берган эди. Бундан ташқари, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида камчиликларга йўл қўйган бир қатор сектор раҳбарлари ишдан олинганди.