Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шанба куни инаугурация маросимида сўзлаган нутқида халқ депутатлари кенгашлари ва ҳокимлар ваколатларини аниқлаштириш бўйича режалар ҳақида гапирди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш яратиш вақти келди, деб ҳисоблайди.

«Неча марта биз буни гапирямиз, лекин мана, беш йил тажриба орттирдик… Энди кенгашнинг раҳбари ижро органи раҳбари бўлиши мумкин эмаслигини халқимизнинг ўзи айтяпти. Вақт-соати келди, қонуний масалани ҳам жой-жойига қўямиз. Шундай қилиб, демократик йўналишлардаги катта пойдеворни яратамиз. Агар шу пойдевор бўлса, анча анчагина ижро органи раҳбарлари ҳам халқ томонидан жиловланади. Халқ деганим — депутатлар томонидан, депутатлар деганим — халқ сайлаган вакиллар томонидан», — деди у.

Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган. Шу мақсадда Жамоатчилик палатасини ташкил этиш бўйича ишларни жадаллаштириш режалаштирилган. Бу ҳақдаги фармон 2020 йил апрель ойида имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сентябрга келибгина кенгашлар ўз фаолияти учун ташкилий, техник ва бошқа хизматлар билан шуғулланувчи котибиятларига эга бўлди. Илгари ҳокимиятлар бўлиниши тамойилига зид бўлган мазкур вазифалар билан ҳокимликлар шуғулланар эди.

ЎзЛиДеП етакчиси Актам Хайитов 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган депутатлик сайловлари олдидан ҳокимни кенгашлар бошқармаслиги кераклигини айтган эди.

2020 йил январь ойида Сенат раиси Танзила Нарбоева вақт ўтиши билан ҳоким ва кенгаш раҳбари лавозимлари чегараланишини маълум қилди.

«Айни пайтда вакиллик ва ижро органининг раҳбари ҳоким. Вақти-соати келиб, бу иккаласи ажратилади. Ҳозирча ҳоким вакилларга кўпроқ эркинлик бериши лозим. Бўлмаса, ҳоким нима деса, депутатлар қўл кўтариб ўтираверади», деди — деди Сенат раиси.

Адлия вазири Русланбек Давлетов 2021 йил апрель ойида Адлия вазирлиги ушбу тартибни бекор қилиш таклифи билан чиққани ва тегишли ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритгани, бироқ у ҳали кўриб чиқилмагани ҳақида хабар берди.