3 ноябрь куни «Ўзкомназорат» YouTube, Facebook, Linkedin, Instagram, ОК, Telegram, «Мой мир» каби тармоқлар фаолиятига чеклов ўрнатди.

Бунга эса уларнинг эгалари ўз серверларини маҳаллийлаштирмагани ва ўзбекистонликлар маълумотларининг Ўзбекистондан ташқарида сақлагани сабаб бўлди.

Бироқ санкция узоқ чўзилмади — 1 соатга бормай президент матбуот котиби Шерзод Асадов регуляторнинг «бир ёқлама, узоқни ўйламай» қилган ҳаракати ҳақида президент хабар топганини" маълум қилди.

Кўп вақт ўтмасдан, президент топшириғига биноан «Ўзкомназорат» бошлиғи Ғолибшер Зияев «нотўғри ва келишилмаган ҳатти-ҳаракатлари учун» эгаллаб турган вазифасидан четлатилди. Унинг ортидан эса YouTube, Facebook, Linkedin, Instagram, ОК, Telegram, «Мой мир» тармоқларига киришдаги муаммолар ҳам бартараф этилди.

Шунга қарамасдан, вазият юзасидан кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда, деб ёзади Spot нашри.

Барчаси нимадан бошланган эди

Январь ойида президент Шавкат Мирзиёев шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритадиган ҳужжатни [ЎзРҚ-666] имзолаганди. Унга кўра, веб сайтлар эгалари Ўзбекистон ҳудудида ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини сақлашга мажбур бўлади. Ушбу ўзгартишлар апрель ойидан кучга кирди.

Тизим қуйидаги тартибда ишлайди:

  • оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ ва Давлат персоналлаштириш маркази (ДПМ) доимий равишда Интернетни назорат қилади;
  • агар бирор сайт талабни бажармаётгани бўлса, бу ҳақда хулоса қабул қилиниб, инспекцияга («Ўзкомназорат») юборилади;
  • қоидабузарга инспекция томонидан огоҳлантириш хатлари юборилади;
  • агар компания талабни бажармаса, унинг сайтига кириш чекланади.

Май ойига келиб ДПМ Facebook, Google, Mail.ru, Microsoft, Telegram, Tencent, TikTok, Twitter, Yandex компанияларига қонунчилик талабини бажариш тўғрисида талабнома киритди.

Ўшандаёқ мулкдорлар ва операторларни рўйхатдан ўтказиш учун шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестри pd.gov.uz сайти ишга туширилган эди.

Май охирига келиб, серверларни маҳаллийлаштириш талаби қайд этилган мактублар «ВКонтакте», Twitter ва WeChat, июнда эса — TikTok ва Skype тармоқларига ҳам юборилди.

Июлдан бошлаб «Ўзкомназорат» маҳаллийлаштиришни кутиб ўтирмасдан қонунбузарларнинг сайтларини чеклашга киришиб кетди. Биринчилар қаторидан TikTok, Twitter, «ВКонтакте», Skype ва WeChat ўрин олди.

Сайт ва дастурлар блокланмаган, фақат узилишлар (саҳифа узоқ юкланади, сурат ёки видеони очиш имконсиз) билан ишламоқда.

Шу билан бирга, инспекция сервисларга киришга оид чеклов уларнинг эгалари томонидан талаблар бажарилган тақдирда олиб ташланишини маълум қилди.

Ноябрь бошига келиб эса шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жазо кучайтирилди — жарималар икки баравардан кўпроққа оширилди.

3 ноябрь куни нима содир бўлди

«Ўзкомназорат» ҳукумат тасдиқлаган схема бўйича ҳаракат қилди. Шунга қарамасдан, регулятор раҳбари шу куннинг ўзидаёқ лавозимидан четлатилди. Орадан бир кун ўтиб, бош вазирнинг ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Умаров ва АКТ вазири Шуҳрат Садиков ҳам лавозимларидан озод этилди.

Шавкат Мирзиёевнинг аралашувидан сўнг, YouTube, Facebook, Linkedin, Instagram, ОК, Telegram, «Мой мир» фаолиятига қўйилган чеклов орадан бир неча соат ўтиб олиб ташланди.

Бироқ бир қанча интернет сервислар, жумладан Twitter, TikTok, «ВКонтакте» ҳануз шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунни бузганлар рўйхатига нима сабабдан киритилгани номаълумлигича қолмоқда. Уларнинг Ўзбекистондаги фаолияти июль ойида чекланган эди.


Мутахассислар фикри

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

ЎзА раиси ўринбосари, ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев:

Кечаги воқеаларни энди сал эҳтирослардан холи, совуқ мия билан таҳлил қилсак. Тўғри, кеча охири яхшилик билан тугади. Ижтимоий тармоқлар блоклангач, бирдан масалага президент аралашди, «Ўзкомназорат» раҳбари ишдан олинди, блоклар олиб ташланди. Бир қараганда ҳаммаси зўр, барчаси ажойиб, шундай эмасми?

Аммо биз оқибатлар билан курашяпмиз, холос. Яъни ижтимоий тармоқларнинг блокланиши — аслида аввалроқ қабул қилинган хато қарорнинг оқибати. Хўш, унда бунинг сабаби қаерда?

Қонунни қабул қилган бошқалар, жабрини тортган ижрочилар. Аслида бу машмашаларнинг барчасига «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонун сабабчи. Янада аниқроқ айтсак, 2019 йилда қабул қилинган бу қонуннинг ўзи ёмон эмас. Унда шахсий маълумотларга оид кўп фойдали қоидалар белгиланган.

Аммо 2021 йилда, яъни жорий йилнинг январь ойида ушбу қонунга битта кичкина модда қўшилди. Янги қўшилган 27−1-моддада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари билан ишлайдиган тизимлар серверларини Ўзбекистонга ўрнатиши талаб қилинадиган бўлди. Ким серверини Ўзбекистонга ўрнатишга рози бўлмаса, унда блокланадиган бўлди.

Кўряпсизми, кечаги машмашаларнинг барчаси аслида қайсидир Ғолибшер исмли ижрочининг ўзбошимчалигидан эмас, балки 150 нафар депутатлар қабул қилиб, 100 нафар сенаторлар маъқуллаб, кейин имзоланган қонун сабабли бўлмоқда.

Хўп, «Ўзкомназорат» раҳбарини кеча «юқоридагилар» билан келишмагани учун ишдан бўшатишди. Аммо бу оғриқ қолдирувчи дори холос, касалликнинг ўзини тузатмайди. Эртага «Ўзкомназорат»га Валишер, Ғанишер, Алишер раҳбар бўлиб келса ҳам, барибир қонун ўз кучида турибди-ку! Телеграм серверини Ўзбекистонга олиб келмаса, уни блоклаш керак, тамом.

«Ўзкомназорат» бу ерда қонунни ижро қилди ва аҳолининг шунча эътирозига сабаб бўлди. Демак, ўша қонуннинг ўзи адолатсиз ва бир ёқлама ўйлаб қабул қилинган бўлмайдими? Кўрпага қараб оёқ узатиш керак эди, шекилли.

Мантиқан олганда депутатлар ва сенаторлар серверини Ўзбекистонга олиб келмаган тармоқларни блоклаш тарафдори бўлишган ва буни қонунда акс эттиришган. Ҳатто кейинчалик депутатлар қонун ижросини тезроқ бажариш, яъни серверини Ўзбекистонга ўрнатмаганларни тезроқ блоклашни талаб қилишганди.

Яна бир қизиқ жойи, жорий йилнинг июнь ойида Twitter, TikTok, Skype, Wechat каби тармоқларни худди шу қонунга асосланиб, худди ўша «Ўзкомназорат» блоклаган эди. Мана, бир неча ойдан буён ушбу тармоқлар ҳалиям блокда турибди. Аммо кечагидек резонанс бўлмаганди.

Telegram, Facebook, YouTube, Instagram блоклангандан кейин даҳшатли ваҳима кўтарилди ва тезда уларнинг блоклари ечилди. Лекин кечаги қий-чувларда ҳам Твиттер ва ТикТокдан блок олиб ташланмади.

Хўп, агар интернетни ва айрим тармоқларни блоклаш Янги Ўзбекистон сиёсатига тўғри келмас экан, унда нега барчасидан блок олинмади? Ёки агар қонун талабини бажармаган компанияларни блоклаш аслида тўғри бўлса, унда нега кечаги блокланганлардан тақиқ олиб ташланди? Қанақадир ягона битта принцип бўлиши керак эмасми? Ва бу принцип одамларга муаммолар туғдирмаслиги керак-ку.

Қиссадан ҳисса шуки, кеча бизнинг қуртлаган тишимиз қаттиқ безовта қилгани учун вақтинча оғриқ қолдирадиган дори ичдик. Аммо қуртлаган тиш ҳалиям турибди. У ҳали яна оғриши мумкин. Бунга ҳеч ким кафолат бера олмайди.

  • Кеча ижтимоий тармоқлар нега блокланди? Қонун ижроси учун.
  • Кеча ижтимоий тармоқлардан нега блок олиб ташланди? Инсон қадри учун.

Демак, барча қонунлар ҳам инсон қадри учун хизмат қилавермайди. Ўзбекистонда инсон қадрига зид бўлган қонунлар бор ва уларни тезда қайта кўриб чиқиш керак. Ҳар ҳолда Янги Ўзбекистоннинг ҳақиқатан янгилиги шунда кўринади.

Биз олдин аниқ бир қарорга келиб олайлик: фақат оқибатларга қарши курашиб юраверамизми ёки сабабларни ҳам ўйлаб кўрамизми?



Фото: Муаллиф шахсий архивидан.

IT-ментор 3D виртуал лойиҳаларни ва VRonica бўйича қўшимча реалликни яратишга асосланган студия асосчиси Акмаль Салихов:

Маълумотларни сақлаш учун серверларни маҳаллийлаштириш яхши, бироқ Facebook ёки бошқа жаҳонга таниқли компания биргина хат билан ўз серверини ўрнатишга шошилади деб ўйламайман.

Бунинг учун харажатларни келтириб чиқарадиган ҳаракатларни амалга ошириш талаб этилади, лекин олдиндан ҳисобларни ким қоплашини аниқлаб олиш зарур. Ноқулай шароитларда, эҳтимол, ушбу масала узоққа чўзилади.

Бундан ташқари, биз йирик компанияларнинг минимал талабига ҳам жавоб берадиган бирорта Data center`ларга эга эмаслигимиз ҳақиқатга яқин. Бундай вазиятда иккита йўл бор:

  • Big Tech шартларига жавоб берадиган Data center яратиш;
  • Серверларни жойлаштирмасдан муаммони ҳал қилиш йўлини ўйлаб кўриш.

Бу ерда яна бир савол туғилади — нимага ушбу масала билан ҳалигача давлат органлари шуғулланмоқда? Россия тажрибаси блоклаш мамлакат имиджига путур етказишини, баъзан эса назорат қилувчи органларнинг ўз ишини яхши билмаслигини кўрсатиб қўйишини исботлаб берди.

«Роскомнадзор» Telegram`ни блоклаш учун мессенжердан ташқари, иложи бўлган ҳамма нарсани «ўчириб» кўрди.

Эҳтимол, қандай қилиб тартибга солишни тушунмасанг, тақиқлаш одати постсовет ҳудуди мамлакатлари давлат хизматчилари учун ҳануз ягона тўғри йўл бўлиб қолган.

Мени қизиқтирган жиҳат, ўша давлат хизматчилари мамлакатда Telegram`ни блоклаш билан ўз ишини қандай давом эттиради?

Наҳотки бизда ҳамма жойда ишлатиладиган тўлақонли локал мессенжер бор? Шубҳам бор.

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар блокланиши ортидан мобиль VPN машҳурлигини кескин ошириб юборди. Ушбу блоклашларнинг барчаси ўзимизнинг тармоқларга бўлган юкланишни оширади ва бутун мамлакат трафиги «соя остида» қолади.

YouTube`нинг Қозоғистондаги серверига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ўрнига тезлик 10 мартагача тушиб кетади, биз эса унга, масалан, Голландия орқали киришга мажбур бўламиз.

Албатта, биз кунига 10−15 та VPN сервисларини блоклашимиз мумкин, бироқ эртасига яна 20 та янгиси пайдо бўлади. Ушбу серверлар учун бу катта даромад, ўзимизнинг фуқаролар учун эса — катта харажат ва ноқулайликлар демакдир.

Мисол учун, мен ушбу воқеа содир бўлганда, хаттоки, қизим учун инглиз тилидаги болалар мусиқасини ҳам қўйиб бера олмадим. Энди тасаввур қилинг, шу вақт давомида қанча инсон YouTube орқали видеодарс ёки бошқа фойдали бўлган видеоларни кўра олмаган! Охир-оқибат, бизнинг фуқароларимиз билим ва фойдали контент қидириб қаерга бориши керак?

Ҳа айтганча, 3 ноябрь куни барча сервислар фаолиятини ҳам тиклашгани йўқ, масалан, Twitter ва «ВКонтакте»га ҳануз кириш имконсиз. Бизда улардан кимдир фаол фойдаланишига ишонмайман, шунинг учун ушбу сервислар алоҳида устунликка эга эмас.


Фото: Муаллиф шахсий архивидан.

«Яндекс»нинг Ўзбекистондаги ҳудудий директори сифатида бир неча йил фаолият юритган, ҳозирда — «Ситимобил»нинг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Евгений Лукьянчиков:

Блоклаш — бу бозорга ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ниятлари жиддийлигини кўрсатувчи чорадир.

Мен давлат шахсий маълумотларни тартибга солиш бўйича нормаларни ишлаб чиқаётганини — шунингдек, фойдаланувчиларнинг маълумотларини қонунчилик даражасида ҳимоя қилишни қўллаб-қувватлайман.

Компаниялар бунга мажбур ва кўплаб мамлакатларда уларни сақлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. Маълумотларнинг тарқалиб кетиши ҳар бир маҳаллий аҳоли учун жуда катта муаммога айланиши мумкин, албатта, қачонки барча учун хазлга ҳожат қолмаганда.

Маълумотларни маҳаллий тарзда сақлаш талаби шу каби кенг миқёсдаги компаниялар учун техник жиҳатдан қийин ва ҳатто имконсиздир. Ҳаммамиз Ўзбекистон ҳудудидаги электр таъминотидаги узилишлар, заиф интернет канали, кам миқдордаги тайёр Data center`лар, иссиқ ҳаво, шунингдек, керакли даражадаги мутахассисларнинг мавжуд эмаслиги ҳақида яхши биламиз.

Бу хизматни қимматлаштирувчи ва узилишларга чидамсиз ҳолга келтирувчи қийинчиликларнинг бир қисми холос, бу ҳолатда эса маълумотлар янада хавф остида бўлади.

Ишонинг, юқоридаги қайд этилган компаниялар фойдаланувчиларининг маълумотларини ҳимоя қилишни ҳаммадан яхши уддалайди — бу уларнинг тижорат сирлари ва монетизациясининг асосидир.

Улар қонунларсиз ҳам маълумотларни сақлаш бўйича 24/7 тизимда ғамхўрлик қилади. Уларнинг ички ҳимоя талаблари эса ҳар қандай давлат ўйлаб топиши мумкин бўлган ҳимоядан ҳам анча юқорироқ ҳисобланади.

Шунинг учун, мен ўйлайманки, шахсий маълумотларни сақлашни маҳаллийлаштириш тўғрисидаги қонундан ташқари, ўртада бошқа қандайдир мулоқот ҳам бор ва айнан унда бизнеснинг давлат билан ўзаро келишуви мавжуд эмас.

Ўйлайманки, бу ерда яна Россия тажрибасини ҳам эсга олиш мумкин. Унинг ортидан кузатиш жуда қизиқарли бўлган эди. Мен аниқ тафсилотларидан хабардор эмасман, бироқ Telegram ҳукумат билан алоқага чиқишга ва қайсидир маънода улар билан ишлашга мажбур бўлган. Бу ўшандаги курашсиз имконсиз эди.

Яна Туркия тажрибаси ҳам қизиқ, бир неча йил аввал Google жарима ва ҳукуматнинг талаблари туфайли ўз хизматларини қўллаб-қувватлашни қисман тўхталишини очиқча эълон қилган эди. Бизнеснинг ҳам ўз хукмронлиги бор ва ушбу сигнал фақатгина Туркия ҳукуматига (бошқа давлатлар ҳам назарда тутилмоқда — таҳр.) йўналтирилмаган эди. Умид қиламан, бизда унгача етиб бормайди.

Ўйлашимча, йирик халқаро компаниялар билан боғлиқ вазиятда давлат бизнес билан маълумотлар қаерда сақланиши ҳақида эмас, балки сервисда мавжуд контент ёки тармоқнинг ўзидан фойдаланиш тўғрисида баҳслашмоқда.

Ишонаверинг — ушбу мулоқот бутун дунё бўйича олиб борилмоқда. Қайсидир мамлакатлар олға харакатлана олишди, қайсидирлари эса ўз манфаатларини ҳимоя қилиш жараёнининг бошида турибди.