ДХХ томонидан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилотига алоқадорлиги учун қидирувда бўлган 1995 йилда туғилган «С.С.» хориждан Ўзбекистонга олиб келинди.

У интернет тармоғи орқали мазкур террористик ташкилот аъзоларининг таъсирига тушиб қолгани айтилмоқда.

«У ўзининг танишлари билан «Телеграм» мессенжерида виртуал гуруҳ ташкил этиб, экстремистик оқимлар ва халқаро террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг «жиҳод»га чорловчи материалларини унга жойлаб, ўзаро муҳокама қилишган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилотига қўшилиш учун Ўзбекистондан чиқиб кетмоқчи бўлишгани айтилмоқда.

Таъкидланишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилган. 2018 йилнинг июнь ойида «С.С.» ва унинг жиноий алоқаларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, унга нисбатан инсонпарварлик принципини қўллаган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

«Бироқ, „С.С“ ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармасдан, Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида айланма йўллар орқали давлат чегарасини кесиб ўтиб, Марказий Осиё давлатларининг бирига борган вақтида ҳибсга олинган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.