Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик барқарорликни сақлаш ва экотуризмни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ҳудудда экотуризмни ривожлантириш учун, аввало, сув ҳажми барқарорлигини таъминлаш, биохилма-хилликни асраш кераклиги таъкидланди. Кўллар атрофида қўшимча сайёҳлик зоналари ва дам олиш масканлари барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг мавжуд имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда бу ерда балиқчиликни янада ривожлантириш кераклигига урғу берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, бугунги кунда ушбу ҳудуддан йилига 4 минг тонна балиқ овланмоқда. Шароит яратиш ва ишларни тизимли ташкил қилиш ҳисобига, бу ҳажмни 20 минг тоннага етказиш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда. Тадбиркорларни жалб қилиб, кўлларни ижарага берган ҳолда, кластер усулида балиқ етиштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мутасаддиларга Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиш вазифаси қўйилди. Унинг доирасида кўллар тизимида сув сатҳини барқарор сақлаш ва шўрланиш даражасини камайтириш чоралари кўрилади. Қирғоқлар бўйидаги 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳудудда экологик хавфсизликни кучайтириш, броконьерлик ва бошқа ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

Июнь ойида Айдар-Арнасой кўллар тизими ва Тўдакўл кўлида рекреацион кўллар ҳудуди ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳудудда экотуристик объектлар, овчилик ва сувда дам олиш ҳудудлари, 1200 ўринга мўлжалланган автотураргоҳ ҳамда савдо ҳудуди қурилиши айтилганди.