7 ноябрь куни Ўзбекистонда «Тез ёрдам» хизматига 3768 киши мурожаат қилган. ССВ маълумотларига кўра, шундан 349 таси чанг-қумли бўрон натижасида нафас етишмовчилиги билан боғлиқ чақириқ бўлган.

Шунингдек, аллергик реакциялар билан 25 та, бронхиал астма ҳуружи билан 48 та мурожаат бўлиб, беморларнинг 8 таси госпитализация қилинган.

«Ўзгидромет»хабарига кўра, 7 ноябрь куни соат 11:00да ўтказилган мониторинг натижалари пойтахтда чанг билан ифлосланганлик даражаси пасайиб, рухсат этилган максимал концентрациядан 3,3 баравар ортиқлигини кўрсатган.

4 ноябрь куни чанг-қумли бўрон туфайли «Тез ёрдам» хизматига 678 киши нафас сиқиши муаммоси билан мурожаат қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» пайшанба куни соат 21:00 дан 23:00 гача Тошкент шаҳрида чанг миқдори меъёрдан 30 баравар ошгани, кейин эса пасайишни бошлагани ҳақида хабар берган.

Ўзбекистонда 150 йил ичида ёки бутун метеорологик кузатувлар давомида биринчи марта чанг-қумли туманкузатилмоқда.

Марказ «Газета.uz» га берган маълумотларида кенг кўламли қурилиш ишлари ушбу ҳодисанинг пайдо бўлиш сабабларидан бири эканлигини тасдиқлаган.

Ҳавода чанг концентрацияси ортиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларини эълон қилган эдик. Мутахассислар томоқ ва бурунни озгина шўрланган сув билан чайишни, хоналарга ҳўл сочиқларни осиб қўйишни, кўчага чиқмасликка ҳаракат қилишни ва ниқоб кийишни маслаҳат беришмоқда.