Фарғона вилоятида меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи қолмади ва муассасалар фаолияти тўхтатилди, деб хабар берилди «Ахборот 24» информацион дастурида.

Қайд этилишича, Данғара туманида яшовчи Бердиевлар оиласи 6 нафар тарбияланувчини асраб олиб, «Болалар бахти» номли оилавий болалар уйини ташкил қилган.

«Меҳрибонлик уйига бориб, психолог лавозимида ишлай бошладим. У ерда болаларга ўрганиб қолиб, уларни ўз фарзандимдек қабул қилдим. Оилавий болалар уйлари очила бошлагач, уларни ташлаб кета олмадим. Ўзимнинг фарзандларим билан ўйнашди, баъзида уйга олиб келиб кўрсатдим. Турмуш ўртоғим билан „ўзимизнинг тарбиямизга олайлик, оила муҳити бошқа“, деб маслаҳатлашдик. Оила аъзоларимиз қаршилик билдиришмади. Кейин мана 2 та фарзандимни 8 та қилиб олдим», — деган Ойсанамхон Бердиева.

Шунингдек, Фурқат туманида Ҳуррият Комилова 5 нафар болани фарзандликка олиб, «Меҳрибон қалб» оилавий меҳрибонлик уйини очган. Шу тумандаги Ободон қишлоғида яна бир шундай муассаса очилган, Назокат Комилова 6 нафар тарбияланувчи қизни асраб олган.

Таъкидланишича, Қўқон шаҳрининг Ўзбекистон ва Тошлоқ туманларида ҳам оилавий меҳрибонлик уйлари ташкил этилган.

Қўқон шаҳридаги 12-меҳрибонлик уйи раҳбари Аброр Хўжақуловнинг сўзларига кўра, 111 нафар тарбияланувчидан 57 таси оилаларга, 20 нафари патронатга, 16 тарбияланувчи васийликка берилиб, меҳрибонлик уйларида болалар қолмаган.

Унинг қўшимча қилишича, бўшаб қолган муассасанинг 80 нафар собиқ ишчи-ходимлари мутахассислиги бўйича яшаш манзилларига яқин бўлган жойларда иш билан таъминланмоқда.

«Бола асраб олиш учун Наманган ва Андижон вилоятларидан ҳам келишди», — дейилади хабарда.

Июль ойи охирида Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги 21-меҳрибонлик уйига борган эди. Президент «меҳрибонлик уйида шароитлар яхши, лекин тарбияланувчиларнинг 18 ёшдан кейинги мустақил ҳаётига кўмаклашувчи масъул идора йўқлигини» таъкидлаган. Давлат раҳбари барча меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Миллий гвардия масъуллигига ўтказиш таклифини билдирганди.

Август ойида «Газета.uz» Миллий гвардия президент қарори билан ўзига бириктирилган Меҳрибонлик уйларидаги болаларни ота-оналарига қайтариш, васий тайинлаш ва фарзандликка олишга кўмаклашиши ҳақида ёзган эди. Ўқув-тарбия муассасаларида тарбияланувчиларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун «Меҳр дафтари» тизими жорий қилиниши айтилган.