Ўзбекистон вилоятларидаги маҳаллаларда бадминтон, стритбол ва «Workоut» спорт турлари билан шуғулланишга мўлжалланган 1164 та спорт майдончаси қурилади. Президент 5 ноябрь куни тегишли қарорни имзолади.

Икки ой муддатда спорт майдончаларига қўйиладиган талаблар асосида ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истаклари, аҳоли сони ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, спорт майдончаларининг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилади.

Ҳужжат билан спорт майдончаларининг аҳоли яшаш жойларига қулай ва халқаро талабларга мос равишда ташкил этилиши, спорт майдончалари қопламаси тартан-синтетик қопламадан бўлиши, аҳоли барча қатламларининг ёши ва қизиқишларига мос бўлишига эътибор қаратиш белгиланган.

Спорт майдончалари фойдаланиш хусусиятини йўқотмаган ҳолда ва тегишли жойлашувига кўра вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳисобидан маҳалла фуқаролар йиғини ёки уй-жой мулкдорлари ширкатларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. Ўрнатилган ускуналарни сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар эса ҳокимликлар бюджетидан ажратилади.

Ҳужжат билан Ўзбекистонда ҳар йили спортнинг устувор турлари бўйича мусобақалари ўтказилади:

юриш ва югуриш бўйича — «Tashkent Marathon», «Samarkand Half Marathon» ва «Zaamin Ultra» халқаро марафонлари, «Sky Camp Bostanliq» триатлон ва йога марафонлари, «Барча рекордлар бизники!» (5 ва 10 минг қадамга), турли масофаларга югуриш бўйича «Янги рекордлар сари!»;

мини-футбол бўйича — «Янги Ўзбекистон ёшларимиз», «Соғлом оила — Янги Ўзбекистон таянчи» (оилавий жамоалар ўртасида) «Раҳбар кубоги» (давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида);

бадминтон бўйича — «Баҳор маликалари», «Бадминтон лигаси» (умумий ўрта ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида), «Раҳбар кубоги» (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида) ва «Имкониятингиздан кўпроғини бажаринг!» (аҳолининг кенг қатламлари ўртасида);

стритбол ва «Workоut» бўйича — «Рекорддан — янги рекордга!» ва «Гиёҳванд моддаларга қарши!» (таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари ўртасида), «Муҳими ғалаба қозониш эмас, балки қатнашиш!» (маҳалла жамоалари ўртасида), «Қишлоғинг учун ғалаба қозон!» (қишлоқ жамоалари ўртасида), «Соғлом танда — соғлом фикр!» (давлат ва нодавлат ташкилотларининг ходимлари ўртасида).

2022 йил 1 январдан бошлаб спортнинг устувор турлари бўйича ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралашнинг (селекция) 3 босқичли тизими жорий этилади:

  • биринчи босқичда — спортчилар ўртасида туман (шаҳар) мусобақалари (туман/шаҳар ҳокими кубоги);
  • иккинчи босқичда — туман (шаҳар) мусобақалари ғолиблари ўртасида вилоят мусобақалари (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари кубоги);
  • учинчи босқичда — вилоят мусобақалари ғолиблари ўртасида республика мусобақалари.

2021 йилдан бошлаб дастур ва параметрлар тўлиқ бажарилгунга қадар ҳар йили 104 миллиард сўмдан маблағлар ажратилади.

Қарорда белгиланган спорт мусобақаларини ўтказиш, ғолиб ва совриндорларни рағбатлантириш билан боғлиқ ҳар йилги харажатлар Давлат бюджети параметрларида Туризм ва спорт вазирлиги учун кўзда тутиб бориладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Ҳар йили март ойи якунига қадар ҳудудлар кесимида спортнинг устувор турлари бўйича мусобақаларни ўтказиш вақти, жойи ва манзиллари, тренерлар, ҳакамлар ва бошқа батафсил маълумотлар www.jtdss.uz платформасида жойлаштирилади ва ОАВ орқали кенг тарғиб этилади.