Сиёсат

дайжест

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Ўзбекистонга келади

Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Тошкентга ташриф буюради. Унинг Ўзбекистондаги ҳамкасби билан музокараларида минтақавий хавфсизлик, таълим, иқлим ўзгариши, икки томонлама савдо ҳамда бизнес алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш режа қилинган.


дайжест

Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди

Шавкат Мирзиёев 22 апрелдан қисқа муддатли таътилга чиқди. Олдинги сафар у 2023 йилнинг декабрида таътилга чиққанди.


дайжест

Прокуратура, тиббиёт муассасалари ва бошқа давлат идоралари флагман смартфонлар харид қилмоқда

Самарқанд вилояти прокуратураси 445 млн сўмга 22 дона iPhone 14 Pro Max смартфонларини харид қилди. Республика маънавият тарғибот маркази Тошкент вилояти бўлими 51 млн сўмга иккита iPhone 15 Pro Max сотиб олди. Бошқа давлат идоралари ҳам смартфонлар харид қилмоқда.


дайжест

Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида Ўзбекистоннинг фахрий консулхонаси очилди

Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги биринчи фахрий консулхонаси очилди. Унга консул этиб Кянан Жалилов тайинланди.


дайжест

Президент матбуот хизматининг «Махсус ракурс» лойиҳаси қорақалпоқ тилида ҳам намойиш этила бошлади

Ҳафтанинг президент иштирокидаги асосий воқеаларига бағишланган «Махсус ракурс» лойиҳасини нафақат ўзбек ва рус, балки қорақалпоқ тилида ҳам намойиш этиш бошланди. Уни тайёрлаш учун Нукусда алоҳида гуруҳ тузилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.


Иқтисодиёт

дайжест

UzAuto Motors 23 апрель куни Damas учун контрактацияни очади

23 апрель куни соат 10:00 да UzAuto Motors белгиланган муддатда тўлов қилинмагани туфайли аввалги контрактациядан чиқарилган Damas автомобиллари контрактациясини қайта очади. Нархлар ўзгаришсиз қолади.


дайжест

Тошкентда ижара нархлари пасайишда давом этмоқда — МҲТИ

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтига кўра, Тошкент шаҳрида ижара нархлари пасайишда давом этмоқда. Март ойида ўртача таъмирланган хонадонлар ижара нархида февралга нисбатан 0,61 фоиз, тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижара нархида эса 0,76 фоиз тушиш кузатилди.


Жамият

дайжест

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 37 миллионга етди

22 апрель куни Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 37 миллионга етди. Ой бошида бу кўрсаткич 36 963 262 млн нафарни ташкил этганди.


дайжест

Қарши шаҳрида Damas 25 нафар боғча боласини олиб кетаётгани аниқланди (видео)

Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида Damas ҳайдовчиси 26 йўловчини — боғча ходими ва 25 нафар болани тегишли ҳужжатларсиз ташигани аниқланди. Боғча ходими кечга қолиб кетилгани учун болаларни бир машинага жойлаштиришга мажбур бўлинганини айтди. Автомобиль жарима майдонига қўйилди, ҳайдовчи жазоланди.


дайжест

Термиздан Тошкентга келаётган автобусда ухлаб ётган аёлга шилқимлик қилган эркак 15 суткага қамалди

Шаҳарлараро автобусда ухлаб қолган аёлнинг кийимини ечиб, кўкрак қисмига тегинган 45 ёшли эркак 15 суткага қамалди. Эркак судда аёлга қўли тегиб кетганини айтган.


дайжест

Туркиядаги ўзбекистонликлар фирибгарликнинг янги туридан огоҳлантирилди

Истанбулдаги бош консулхона Туркиядаги ўзбекистонликларни телефон орқали ўзини адвокат, полиция ёки махсус кучлар ходими сифатида таништириб, ҳисобрақамга пул ўтказишни сўраётганлардан огоҳлантирди. Консуллик уларга маълумот бермаслик ва ўрнатилган тартибда чақирилишни талаб қилишни тавсия этди.


дайжест

Ҳафта давомида ҳаво иссиқ бўлади, жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда

Ҳафта давомида кўплаб ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Фақат 24 апрелда республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечалари +13…+18, кундузи +24…+29 даража бўлади. Тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари ва қор кўчиши юзага келиши мумкин.


дайжест

Тошкентнинг Авлиё ота кўчаси 10 кунга ёпилди

Миробод туманидаги Авлиё ота кўчаси ҳамда ушбу кўчанинг Нукус ва КҲАЙ кўчалари билан кесишмалари 22 апрелдан бошлаб 10 кун муддатга ёпилди.


дайжест

Ўзбекистонда English Speaking Nation дастури якунланди. Тўрт йилда 18 мингдан ортиқ инглиз тили ўқитувчиси ўқитилди

Ўзбекистонда English Speaking Nation (Инглиз тилида сўзлашувчи миллат) дастури доирасида 18 мингдан ортиқ инглиз тили ўқитувчисининг билим ва малакалари оширилди. Тўрт йил давом этган, қиймати 7 млн доллар бўлган қўшма дастур АҚШ ташкилотлари кўмагида олиб борилди.


дайжест

Хоразмда 3,3 млрд сўмлик газни яширин равишда ўғирлаган фермер хўжалиги аниқланди

Урганч туманида газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 3,3 млрд сўмлик 2 млн 249 минг метр куб газни яширин равишда ўғирлаган паррандачилик фермаси аниқланди.


дайжест

Тошкент ва Наманган вилоятларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди

Ўзгидромет 23−30 апрель кунлари Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди.


дайжест

Ўзбекистонда аҳолиси энг тез ўсаётган ҳудудлар маълум қилинди

Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларининг аҳолиси нисбатан тез ўсмоқда. Мамлакат аҳолиси эса бир йилда 2,1 фоизга кўпайган.


дайжест

Сенат ҳуқуқ-тартибот ходимлари видеоларини «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатишни тақиқловчи ўзгартиришни ҳали ҳам кўриб чиқмади

Ўзбекистон Сенати ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид тасвирларни «обрўсизлантириш мақсадида» тарқатганлик учун жазони назарда тутувчи ўзгартиришни ҳали кўриб чиққани йўқ. Конституцияга кўра, Сенат қонунни кўриб чиқиши, акс ҳолда ҳужжат тўғридан-тўғри президентга юборилиши керак эди.


дайжест

Хоразмда аёл танишини бўғиб ўлдириб, ҳовлисига кўмиб қўйгани аниқланди

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида 38 ёшли аёл ўзига таниш аёлни уйига чақириб, пул масаласида келиб чиққан жанжалда рўмол билан бўғиб ўлдириб қўйди. Марҳуманинг жасади гумонланувчининг ҳовлисидан топилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Маданият

дайжест

«Соғинчимни қондириш учун чизаман». Умиджон Алимовнинг «Қишлоқ анатомияси» кўргазмасидан репортаж

Тошкент Фотосуратлар уйида қишлоқ ҳаётини тасвирлаши билан танилган рассом Умиджон Алимовнинг шахсий кўргазмаси очилди. Бунда ижодкорнинг 25 иши намойишга қўйилган бўлиб, ҳар бир суратга унинг яратилиш тарихи ҳақидаги ҳикояга олиб борувчи QR-кодлар илова қилинган.


Спорт

дайжест

Ўзбекистонлик ёш қиличбозлар жаҳон чемпионатида 4 та медаль олди

Саудия Арабистонида ўтган қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ўзбекистонликлар 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалга сазовор бўлди. Спортчилар 27−28 апрель кунлари Париж-2024 лицензион турнирида иштирок этади.


Жаҳон

дайжест

АҚШ, Хитой ва Россия 2023 йилда ҳам энг кўп ҳарбий харажат қилган давлатлар бўлди — SIPRI

2023 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар 6,8 фоизга ўсиб, 2,44 трлн доллардан ортиқни ташкил этди, дейилади SIPRI ҳисоботида. АҚШ, Хитой ва Россия энг кўп ҳарбий харажат қилган давлатлар бўлди. Россиянинг харажатлари СССР парчаланганидан буён энг юқори даражага етди.


дайжест

Ҳиндистонда дунёдаги энг йирик сайловлар бошланди. Асосий маълумотлар

Ҳиндистонда 44 кун давом этадиган парламент сайловлари бошланди, унда салкам 1 млрд сайловчи иштирок этади. Сўровлар бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси ғалаба қозонишини башорат қилмоқда, шундай бўлса, Моди кетма-кет учинчи муддатга қайта сайланиши мумкин.


дайжест

Қозоғистонда электрон сигареталар тақиқланди

Қозоғистон президенти чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва электрон сигареталар, уларнинг суюқликларини олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни, шунингдек, реклама қилишни тақиқловчи қонунни имзолади.


Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!