Стокгольм халқаро тинчлик масалаларини тадқиқ этиш институти (SIPRI) ҳисоботига кўра, 2023 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар 2,44 трлн доллардан ортиқни ташкил этди. Харажатлар йил давомида 6,8 фоизга ўсди, бу 2009 йилдан (6 фоиз) бери энг юқори ўсиш кўрсаткичи ҳисобланади.

«2023 йилда жаҳондаги ҳарбий харажатларнинг ошиши, биринчи навбатда, Украинада давом этаётган уруш ва Осиё ҳамда Океания, шунингдек, Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинликнинг кучайиши билан боғлиқ», — дейилади ҳисоботда.

SIPRI муаллифлари ҳарбий харажатлар барча беш географик минтақада ошганини, асосий ўсиш Европа, Осиё ва Океания ҳамда Яқин Шарқда қайд этилганини таъкидлади.

SIPRI маълумотларига кўра, мудофаа харажатлари бўйича етакчи бешта давлат номи 2022 йилдаги нисбатан ўзгармай қолган:

  • АҚШ — 2023 йилда 916 млрд доллар (ЯИМнинг 3,4 фоизи)
  • Хитой — 296 млрд доллар (ЯИМнинг 1,7 фоизи)
  • Россия — 109 млрд доллар (ЯИМнинг 5,9 фоизи);
  • Ҳиндистон — 83,6 млрд доллар (ЯИМнинг 2,4 фоизи);
  • Саудия Арабистони — 75,8 млрд доллар (ЯИМнинг 7,1 фоизи).

Қайд этилган беш давлат ҳиссасига глобал ҳарбий харажатларнинг 61 фоизи тўғри келади. Шу билан бирга, Хитой ва АҚШ улушига жаҳон мудофаа харажатларининг ярми тўғри келади — мос равишда 37 ва 12 фоиз. АҚШ бу соҳага Хитойдан уч баравар кўп пул сарфламоқда.

Биринчи ўнта давлат қаторидан, хусусан, ҳудудида уруш давом этаётган Украина ҳам ўрин олган (8-ўрин). Мамлакат бу йўналишда 64,8 млрд доллар ишлатган, бу 2022 йилга нисбатан 51 фоизга ва Россия Қримни аннекция қилган 2014 йилга нисбатан 1272 фоизга кўп. Таққослаш учун: SIPRI маълумотларига кўра, 2023 йилда Россиянинг мудофаа соҳасидаги харажатлари 24 фоизга, 2014 йилдан бери эса 57 фоизга ошган.

Россия 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 5,9 фоизини ва барча давлат харажатларининг 16 фоизини ҳарбий харажатларга сарфлади, бу Совет Иттифоқи парчаланганидан бери қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир, дея қайд этган SIPRI.

«Россиянинг 2023 йилдаги ҳарбий харажатлари ҳақидаги маълумотлар 2022 йилда Украинага тўлақонли бостириб кириш ортидан Россия молия органларининг шаффофлиги камайиб бораётгани сабабли ўта ноаниқ», — дейилади ҳисоботда. Нашр муаллифларининг таъкидлашича, Россияда ҳарбий соҳага бюджет маблағларидан ташқари корхоналар, жисмоний шахслар ва ташкилотлар каби бюджетдан ташқари манбалардан ҳам пул ажратилади.

Ҳисоботда айтилишича, Украина мудофаа харажатлари Россия харажатларига нисбатан 59 фоизини ташкил қилган, бироқ Ғарбнинг камида 35 млрд долларлик ҳарбий ёрдами ҳисобга олинса, бу кўрсаткич 91 фоизгача кўтарилади.