Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев қонунчиликка вейпларни (электрон сигареталар) тақиқловчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қонун чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, вейплар, улар учун ароматизаторлар ва суюқликларни сотиш ва тарқатишни, шунингдек, уларнинг рекламасини тақиқлашни назарда тутади.

Акорда хабарида айтилишича, ҳужжат «ёшлар ўртасида никотин сақловчи моддалар тарқалишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўришга» қаратилган.

Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришлар расмий эълон қилинган кундан бошлаб 60 кундан кейин кучга киради.

Чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва вейпларни олиб кириш, ишлаб чиқариш, сотиш ва тарқатиш 738,4 минг тенгегача (тахминан 1650 доллар) жарима ёки ахлоқ тузатиш ишлари ва 50 суткагача қамоқ билан жазоланади.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга электрон сигареталар олиб кириш ва сотишни тақиқлашни таклиф қилган эди. Вазирлик электрон сигаретлардан фойдаланиш, айниқса, ёшлар, жумладан, мактаб ўқувчилари орасида кўпайганини қайд этганди.