Олий Мажлис Сенати ички ишлар органлари ходимларининг иш фаолиятига оид фото ва видеолавҳаларни «обрўсизлантириш мақсадида» интернет тармоғида эълон қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган қонунни ҳалигача кўриб чиқмади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳужжат ҳали ҳам Сенатда бўлиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлгани учун синчиклаб ўрганиляпти.

Қонунчилик палатаси бу ҳужжатни 2023 йил 28 ноябрь куни қабул қилган.

Ўзбекистон Конституциясининг 99-моддасига мувофиқ Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Сенатга юборилади. Сенат томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун президентга ўн кундан кечиктирмай юборилади. Агар Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, қонун Қонунчилик палатаси томонидан имзоланиши ва эълон қилиниши учун президентга юборилади.

Парламент қуйи палатасининг 28 ноябрдаги қарорида ҳам агар Сенат ушбу қонун Сенатга келиб тушган кундан бошлаб 60 кун ичида тегишли қарор қабул қилмаса, ҳужжат бевосита президентга юборилиши айтилган.

Аввалроқ Қонунчилик палатаси қонун белгиланган муддатда тақдим этилганини маълум қилганди. «Газета.uz»даги маълумотларга кўра, ҳужжат 2023 йил 5−6 декабрь кунлари Сенатга юборилган бўлиши керак.

Шундай қилиб, агар Сенат 5−6 февралгача йиғилиш ўтказмаса ва ушбу қонун юзасидан қарор қабул қилмаса, у президентга имзоланиш учун юборилиши лозим эди.

Қонун нима ҳақида?

Муҳокамага сабаб бўлаётган қонун «мамлакатда содир этилаётган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати қоидаларини тартибга солишга мақсадида» тайёрланган. Қонуннинг биринчи қисмида ҳайдовчиларнинг қоидабузарликларига доир бир қатор жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган.

Хусусан, қонун орқали 2018 йилдан буён жорий этилиши кутилаётган жарима баллари тизими ҳам ниҳоят ишга туширилиши кутилаётганди. Аммо Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган мазкур қонуннинг иккинчи қисмига жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган «обрўсизлантириш» нормаси ҳам қўшиб кетилди.

Ушбу нормага кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (17 млн сўм) миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланган.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев қонуннинг иккинчи қисмида таклиф этилган норма мамлакатдаги очиқлик сиёсатига, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» тамойилига зид эканини таъкидлаб, ҳуқуқ-тартибот идораларида аҳоли ва юрт хавфсизлигини таъминловчи минглаб ватанпарвар ходимлар фаолият юритаётгани, бироқ улар орасида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган ходимлар ҳам борлигини қайд этиб ўтган эди.

Шунингдек, у қонунчиликда ушбу ҳуқуқбузарлик учун моддалар аллақачон мавжудлигини билдириб ўтган.

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси 11 январь куни қонун лойиҳаси муҳокамасини ташкил этган. Журналистлар қонуннинг суиистеъмол қилиниш хавфи борлигини кўрсатиб, мазкур қоидага қарши чиққан. Сенатор ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари ушбу тузатишнинг аҳамиятини оқлашга ҳаракат қилган.

Кўплаб жамоатчилик вакиллари қонундаги айнан ушбу нормага эътироз билдириб, қолган қисмига эътироз йўқ эканини таъкидлади.

«Маст ҳолда машина ҳайдаганларга жавобгарлик кучайтирилиши ҳам, жарима балларининг қўлланилиши ҳам, автомактаб билан боғлиқ қисмларини ҳам — ҳаммаси зўр, бу кутилган қонун ва уни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо асосий эътироз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини видео ёки фотосуратга олиб, интернетга жойлаганлик учун маъмурий қамоқ даражасигача бўлган жавобгарликни белгилаш ҳақидаги қисмига эди. Умуман масаланинг моҳияти шу эди. Ҳозир неча нафар одам ўлгани, ҳайдовчиларни тарбиялашимиз кераклиги, аҳвол чатоқлиги ҳақида гапиряпмизда, худдики шу билан мана шу моддани хаспўшлаётгандек бўлиб қоляпмиз», — деди, хусусан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев 11 январдаги йиғилишда.